Испания Ла Лигасининг 5-туридан ўрин олган марказий учрашувда «Реал Мадрид» ўз уйида «Эспаньол»ни қабул қилиб, 2:0 ҳисобида ишончли ғалабага эришди. Сантяго Бернабеу стадионидаги баҳсда мадридликлар ўйин бошиданоқ ташаббусни қўлга олиб, рақибини кучли босим остида қолдирди.
Биринчи гол 22-дақиқада қайд этилди. Жамоа марказий ҳимоячиси Эдер Милитао жарима майдонидан ташқарида узоқ масофадан йўллаган кучли ва аниқ зарбаси билан дарвозабонни ожиз қолдирди. Бу гол нафақат ҳисобни очди, балки «Реал» ўйинига янада куч-қувват бағишлади.
Иккинчи тайм бошланиши биланоқ мадридликлар фарқни оширишга муваффақ бўлди. 47-дақиқада янги юлдуз Килиан Мбаппе Винисиуснинг узатмасини аниқ голга айлантириб, жамоаси устунлигини мустаҳкамлади. Франциялик ҳужумчи ўзининг юқори даражадаги маҳорат ва самарадорлигини яна бир бор намойиш қилди.
Қолган вақтда ҳам «Реал» бир нечта хавфли ҳужумлар уюштирди, аммо ҳисоб ўзгармади. Меҳмонлардан «Эспаньол» эса айрим қарши ҳужумларда имконият излади, бироқ Куртуа ва ҳимоячиларнинг ишончли ўйини уларнинг барча ҳаракатларини йўққа чиқарди.
Шу тариқа, мадридликлар очколарини 15 тага етказиб, турнир жадвалида пешқадамликни янада мустаҳкамлашди. «Эспаньол» эса 10 очко билан учинчи ўринда қолмоқда.
Ла Лига. 5-тур
«Реал» — «Эспаньол» 2:0
Голлар: Милитао (22), Мбаппе (47).
Реал — Куртуа, Карвахал, Асенсио, Милитао, Каррерас, Мастантуоно (Браҳим, 77), Валверде, Чуамени (Камавинга 90), Винисиус (Родриго, 77), Гарсия (Гулер, 61), Мбаппе (Беллингем, 89).
Эспаньол — Дмитрович, Ҳилали, Калеро, Кабрера, Ромеро, Гонсалес, Лозано (Каррерас, 63), Долан (Пикел, 63), Эскпозито (Колеошо, 63), Пуадо (Гарсия, 77), Фернандес (Роча, 84).
Бу ғалаба «Реал Мадрид» учун нафақат турнир жадвалидаги устунлик, балки жамоанинг янги мавсумга қай даражада пухта тайёргарлик кўрганини ҳам кўрсатиб берди. Милитао ва Мбаппе эса мухлислар хотирасида қоларли кеча совға қилишди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!