date

Вадим Абрамов: мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман

Вадим Абрамов: мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман

Ўзбекистон Суперлигаси 22-туридан ўрин олган “Нефтчи” – “Динамо” (2:1) учрашувидан сўнг самарқандликлар бош мураббийи Вадим Абрамов матбуот анжуманида журналистларнинг саволларига жавоб берди.

Абрамовнинг фикрича, учрашув қандай кечганини барча мухлислар ўз кўзи билан кўргани учун асосий урғу саволларга қаратилди. Унинг таъкидлашича, “Динамо” майдонга ғалаба учун чиққан, бироқ айрим хатолар ва захирадаги қисқалик жамоа натижасига салбий таъсир кўрсатган.

— Бугун иккала дарвозабон ҳам майдонда ҳаракат қилди. Одатда сўнгги пайтларда Эдем Немановга ишонч билдириб келаётган эдингиз, — деган саволга Абрамов қуйидагича жавоб қайтарди:

— Бу ерда фақат ишонч эмас, балки машғулотлардаги кўрсаткич ҳам муҳим. Ҳар икки дарвозабон ҳам яхши ишлайди. Неманов терма жамоага кетганида биз назорат ўйинлари ўтказганмиз ва ўшанда Ягудин асосий дарвозабон бўлиб тўп сурган. У тажрибали футболчи. Бироқ кўз муаммоси сабабли иккинчи таймда ўйинни давом эттира олмади ва натижада Немановни майдонга туширишга тўғри келди.

Абрамов, шунингдек, жамоада захира етишмаслигини тан олди:

— Афсуски, захирамиз жуда қисқа. Баъзи футболчиларимиз жароҳат олган, айримлари эса дисквалификация қилинган. Шу сабабли ўйин сариққа борганда керакли кучни захирадан олиб чиқа олмадик. Мағлубият учун самарқандлик мухлислардан узр сўрайман, — деди мураббий.

Унинг фикрича, “Динамо” дуранг учун эмас, балки фақат ғалаба мақсадида Фарғонага йўл олган. Бироқ оддий хатолар жамоага қимматга тушди:

— Футбол шунақа ўйинки, ҳар доим ҳам устунликка эга бўлган жамоа ғалаба қозонмайди. Биз ҳам ҳужумкор ўйнадик, лекин кичик хато катта натижага таъсир қилди, — деди Абрамов.

Журналистлар эътиборини “Динамо”нинг айни пайтгача Левченко бошқарувидаги “Нефтчи”га доим мағлуб бўлаётгани ҳам тортди. Бу ҳақдаги саволга Абрамов шундай жавоб берди:

— Чунки “Нефтчи”да яхши мураббий ишлаяпти. У тактикани тўғри қўяди ва футболчилар танловида хатога йўл қўймайди. Шунинг учун ҳам улар бизга қарши доим устун келмоқда.

Абрамовнинг сўзларидан кўриниб турибдики, жамоа ички муаммоларга қарамай, ўйинларда фақат ғалаба учун майдонга чиқмоқда. Аммо бугунги мағлубият улар учун катта сабоқ бўлди.


Манба: championat.asia

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Вадим Абрамов: мағлубият учун мухлислардан узр сўрайман