“Манчестер Юнайтед” тарихидаги энг муваффақиятли мураббийлардан бири, шотландиялик сэр Алекс Фергюсон нафақага чиққан бўлишига қарамай, ҳануз жамоа билан боғлиқ ҳиссиётларини яшира олмаслигини очиқ тан олди.
Футбол афсонаси айтишича, баъзан ўзи ҳам билмай, “қизил иблислар”нинг захира ўриндиғида ўтиришни ва жамоага йўл-йўриқ кўрсатишни истаб қолади. Бироқ, у бу фақат ҳиссиёт эканини, амалда эса қайтиб иш бошлаш режаси йўқлигини таъкидлади.
Фергюсон 2013 йилда “Манчестер Юнайтед”ни сўнгги марта Англия чемпионлигига олиб чиққан эди. Шу вақтдан бери манкунианликлар АПЛда барқарор ўйин намойиш қила олмаяпти. Айнан шу ҳолат Фергюсоннинг баъзан ўй-хаёлга берилган ҳолда қайтиш ҳақида ўйлаб қолишига сабаб бўларкан.
Шотландиялик мутахассис нафақага чиққанидан бери 12 йил ўтган бўлса-да, унинг мероси ва саҳнада қолдирган изи ҳали ҳам “Олд Траффорд” деворлари орасида янграб турибди.
Фергюсон ўз фаолияти давомида жамоа билан Англия Премьер-лигасида 13 марта чемпионликни қўлга киритди. Шунингдек, “Юнайтед”ни икки бор Чемпионлар Лигаси ғолиблигига етаклаб, футбол тарихида ўчмас из қолдирган.
Ҳозир у нафақада бўлса-да, клуб тарихидаги энг муваффақиятли даврлар айнан унинг номи билан узвий боғланиб қолган. Шу боис кўплаб мухлислар ҳануз Фергюсон даврини орзу билан эслашади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!