Israel Hayom нашри тарқатган хабарга кўра, Исроил халқаро футболи учун катта хавф туғилиши мумкин. Сешанба куни УЕФА ижроқўмитаси йиғилишида мамлакатни барча халқаро мусобақалардан четлатиш масаласи муҳокама этилиши ва овозга қўйилиши кутилмоқда.
Бу ташаббусни Қатар илгари сурмоқда. Маълумотларга қараганда, сўнгги ҳафта давомида Доха дипломатик майдонда фаол ҳаракат қилиб, кўплаб давлатларнинг қўллаб-қувватловини йўқлаган. Ҳозирча 20 нафар овоз берувчи аъзоларнинг асосий қисми четлатиш тарафдори, фақат икки-учта мамлакатгина бунга қатъий қарши эканини билдирган.
Қатарнинг босими Исроилнинг Дохада амалга оширган ҳарбий ҳужумидан кейин янада ортиб кетди. Шу сабаб, Қатар расмийлари УЕФА таркибидан Исроилни чиқариш учун барча имкониятларидан фойдаланмоқда. Агар қарор қабул қилинса, Исроил футболи халқаро саҳнада катта йўқотишларга дуч келиши мумкин.
Айни вақтда Исроилдан фақатгина бир клуб — «Маккаби Тел-Авив» Европанинг нуфузли турнирларидан бири бўлган Европа Лигаси гуруҳ босқичида иштирок этмоқда. Қолган жамоалар эса мусобақани тарк этган: «Хапоэл Биэр-Шева» саралаш босқичида мағлуб бўлган, «Маккаби Ҳайфа» ва «Бейтар Иерусалим» эса Конференциялар Лигаси саралашида муваффақиятсизликка учраган.
Шу билан бирга, агар УЕФА ижроқўмитаси қарори ижобий чиқса, Исроил клублари халқаро турнирларда қатнашиш имкониятидан маҳрум бўлади. Бу нафақат мамлакат футболи, балки у ерда фаолият юритаётган футболчиларнинг келажагига ҳам жиддий таъсир кўрсатиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!