Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тўпурари Элдор Шомуродов узоқ йиллар Италия чемпионатида тажриба тўплаб, янги мавсумдан Туркия Суперлигаси саҳифаларини очди. Унинг ҳаракатлари нафақат маҳаллий матбуот, балки Италиядаги собиқ клуби билан боғлиқ ОАВ эътиборидан ҳам четда қолмаяпти.
Romaforever.it сайтининг ёзишича, Шомуродов «Женоа», «Рома», «Специя» ва «Кальяри»даги сафаридан кейин «Истанбул Башакшеҳир» сафида ҳам ўзини кўрсата бошлади. У УЕФА Конференциялар лигаси саралаш турниридаги учрашувлар ва чемпионат баҳсларида 11 марта майдонга тушиб улгурди. Шу давр мобайнида ўзбек ҳужумчиси «Бешиктош»га қарши муҳим гол урди, икки бор жамоадошларига голли узатмалар берди ва мухлисларнинг ишончини қозона олди.
«Антальяспор»га қарши баҳсда у яна бир бор ўзининг муҳим ўйинчи эканини кўрсатди. Ҳисоб тенглаштирилган пайтда Элдор дарвозани ишғол қилди, аммо ВАР офсайд қайд этгани сабабли гол бекор қилинди. Шунга қарамай, ҳужумчининг ҳаракатлари мутахассислар томонидан ижобий баҳоланди.
Маълумотларга кўра, «Рома» ўзбек легионерини бир мавсумга ижарага берган ва шу учун 3 миллион евро олган. Мавсум якунида «Башакшеҳир» яна 2,7 миллион евро тўласа, трансфер тўлиқ амалга ошади. Бу ҳолда умумий маблағ 5,7 миллион еврога етади.
Аввалроқ музокаралар чоғида трансфер нархи 7–8 миллион евро атрофида баҳоланган, аммо кейинчалик италияликлар талабни пасайтиришга кўнди. Шу билан бирга, агар келишув амалга ошса, «Башакшеҳир» Элдорнинг кейинги трансферидан 10 фоизини «Рома»га бериши шарт.
Эътиборлиси, Шомуродовнинг трансфери расман амалга ошса, у клуб тарихидаги энг қиммат ўйинчилардан бирига айланади. Ҳозирча энг катта трансфер Аббосбек Файзуллаевга тегишли — 21 ёшли футболчи учун «ЦСКА»га 7,5 миллион евро тўланган ва бу клуб тарихида рекорд сифатида қайд этилган.
Ўзбек футболи учун Туркия Суперлигасида икки йирик номнинг бир жамоа сафида тўп суриши катта воқеа бўлди. Элдорнинг тажрибаси ва Аббосбекнинг ёшлигиданоқ порлаётган маҳоратлари «Башакшеҳир»нинг янги мавсумдаги асосий умидларидан бирига айланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!