Парижнинг етакчи клуби «ПСЖ» учун бир вақтнинг ўзида икки йирик воқеа тўқнаш келди – Франция чемпионати доирасидаги «Марсел»га қарши баҳс ва Парижда ўтадиган нуфузли «Олтин тўп» тақдирлаш маросими.
Дастлаб парижликлар делегацияси 60 кишидан иборат бўлиши режалаштирилганди. Бироқ учрашувнинг бугунга кўчирилиши сабаб делегация сони қисқартирилиб, 40 нафарга туширилди. Бу қарор ортидан айрим футболчилар ва уларнинг яқинлари маросимда иштирок этиш имконидан маҳрум бўлди.
«Олтин тўп» учун асосий номзодлардан бири саналадиган Усмон Дембеле иккиламчи босим остида қолди. Унга бир вақтнинг ўзида ҳам муҳим чемпионат ўйини, ҳам маросим масъулияти юкланган. Шунинг учун Дембеле бугунги кунни катта синов сифатида қабул қилмоқда.
Маросим соат 23:00 да старт олади. «ПСЖ» матбуот хизмати маълумотига кўра, жамоа кеча Парижга қайтган, бугун эса яна Марселга йўл олади. 40 кишилик қисқартирилган таркибда (хавфсизлик ходимларисиз) Дембеле ўз оила аъзолари билан иштирок этади. Шунингдек, ёш истеъдодлар Дезире Дуэ ва Жоау Невеш ҳам яқинлари билан бирга маросимда бўлишади. Бироқ Дембеленинг сўраган 30 нафар меҳмони театрнинг 400 ўринли асосий қисмида жой олиш имкониятига эга бўлмайди.
Клуб президенти Нассер Ал-Хелайфининг маросимда қатнашиши ҳали номаълумлигича қолмоқда. Бош мураббий Луис Энрике эса индивидуал мукофотлар тизимини олдиндан танқид қилиб келгани учун маросимда қатнашмасликка қарор қилган.
Шу ҳолатда, «ПСЖ» делегацияси таркибининг қисқариши ва ички қарама-қаршиликлар фонидаги маросим катта қизиқиш уйғотиши кутилмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!