Саккиз карра «Олтин тўп» соҳиби, замонавий футбол афсонаси Лионель Месси яқинда фаолиятини якунлайди, деган хабарлар мухлисларни бир мунча безовта қилган эди. Бироқ мазкур маълумотлар ўз тасдиғини топмади. Аргентиналик юлдуз келажаги бўйича аниқ қарорга келиб, яна майдонда қолишга бел боғлади.
Журналист Начо Гарсиянинг хабарига кўра, 38 ёшли ҳужумчи «Интер Майами» раҳбарияти билан янги шартнома юзасидан келишувга эришган. Янгиланган битимга кўра, Месси жамоа билан камида икки йилга имзо чекиши кутилмоқда. Шу билан бирга, шартнома шартларида футболчи истагига кўра яна бир йил қолиш имконияти ҳам назарда тутилган. Бу эса унинг ўша пайтдаги жисмоний ҳолати ва умумий спорт формасига боғлиқ бўлади.
Энг қизиқ жиҳати шундаки, шартнома фақатгина футболчилик фаолияти билан чекланмайди. Агар Лионель Месси бутсаларини михга илишга қарор қилса, «Интер Майами»да ўз улушига эга бўлиб, клубнинг ҳаммуассисларидан бири сифатида ишини давом эттириши режалаштирилган. Мутахассислар бу қадам «Интер Майами»нинг АҚШ футболидаги нуфузини янада оширишга хизмат қилишига ишонч билдиришмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Месси «Интер Майами» сафини 2023 йилда тўлдирган эди. Унинг амалдаги шартномаси 2025 йил 31 декабригача мўлжалланган. Аммо янги келишув орқали клуб ва юлдуз ўртасидаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади.
Жорий мавсумнинг ўзида Месси МЛСда юқори самарадорлик кўрсатиб, 22 та ўйинда 22 та гол уриш ва 10 марта жамоадошларига ассист беришга эришди. Бу кўрсаткичлар аргентиналик маҳоратпеша ҳали ҳам юқори спорт формасида эканини яққол кўрсатиб турибди.
Мутахассислар фикрига кўра, Месси нафақат «Интер Майами», балки бутун МЛСнинг маркетинг салоҳияти ва нуфузини янада кўтаришда ҳал қилувчи шахсга айланиши мумкин. Унинг номи ва обрўси орқали лигага катта сармоялар, янги футболчилар ва минглаб мухлислар жалб этилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!