«Манчестер Сити»нинг бош мураббийи Хосеп Гвардиола Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси Абдуқодир Ҳусановнинг жамоага мослашиши ва ўйин даражасини жуда юқори баҳолади. Гвардиола Ҳусановнинг кўплаб позицияларда ишончли ўйин кўрсатаётганини, жисмоний кучлилигини ва кўриш қобилиятини махсус таъкидлади.
"Ҳусанов марказда ҳам, ҳимоя чизиғининг деярли барча позицияларида ўйнай олади, фақат чап қанотдан ташқари. Унинг кўриш қобилияти ажойиб, ишончли, барқарор, жисмоний жиҳатдан кучли — худди Кайл Уокер ўзининг энг яхши даврида бўлгани каби. Диққат-эътибори зўр, ўрганишга чанқоқ. Абдуқодир жуда-жуда яхши ўйин кўрсатмоқда", — деди Гвардиола.
Гвардиола ўз сўзларида Ҳусановнинг ёши, Ўзбекистондан Франция орқали «Манчестер Сити»га келиш жараёнини ҳам таъкидлади. "У жуда ёш. Ўзбекистондан Францияга, кейин бу ерга келиб, биз учун қийин мавсумда мослаша олди. Бизнинг ўйин тизимимизни тез ўзлаштирди ва у яна кўпроқ нарсани ўрганиши шубҳасиз. Ҳа, сиз тушунасизки, у келгуси йиллар давомида клуб учун энг яхши трансфер бўлади", — дея Гвардиола Ҳусановнинг келажагига ишонч билдирди.
Абдуқодир Ҳусановнинг муваффақиятлари «Манчестер Сити»нинг ҳимоясини янада мустаҳкамлашга ва клубдаги истиқболли ўйинчилардан бирига айланишига ишора қилади. Гвардиола томонидан айтилаётган бу баҳо, Ҳусановнинг келажаги ҳақидаги яхши прогнозларни янада мустаҳкамлайди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!