date

Хаби Алонсо: «Реал»да бу йўл фақатгина бошланиши, холос...

Хаби Алонсо: «Реал»да бу йўл фақатгина бошланиши, холос...

Ла Лиганинг 6-туридан ўрин олган «Леванте»га қарши сафардаги 4:1 ҳисобидаги ишончли ғалабадан сўнг «Реал Мадрид» бош мураббийи Хаби Алонсо журналистлар билан ўз фикрларини баҳам кўрди. Унинг сўзларига кўра, жамоа ҳозирда натижалар билан бирга, ўйин услубини ҳам қайта қуриш ва такомиллаштириш босқичида турибди.

— Биз бу ўйинни якунигача фақат ғалаба ҳақида ўйлаб ўтказдик. Энди диққат-эътиборимизни дербига қаратамиз. Ҳозир жамоа ривожланиш жараёнида. Аниқ ҳисобласак, иш бошлаганимизга бор-йўғи 51 кун бўлди, ҳали олдинда узун йўл бор. Чемпионлар Лигаси, Ла Лига ва миллий кубокда кучли рақибларга қарши курашиш учун мустаҳкам асос яратишда давом этамиз, — деди Алонсо.

Мураббийнинг таъкидлашича, жамоадаги кўплаб футболчилар ўзларини муҳим жараённинг ажралмас қисми сифатида ҳис қила бошлаган ва бу жуда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, ҳали яхшилаш лозим бўлган жиҳатлар ҳам йўқ эмас.

— Энг муҳим нарса — биз ҳозир тўғри йўлдамиз. Ҳам натижаларда, ҳам ўйин услубида. Бу ҳали фақат бошланиши, холос. Олдинда кўп иш турибди, — дея қўшимча қилди у.

Алонсо жамоасидаги футболчиларнинг универсаллиги ҳақида ҳам тўхталиб ўтди:

— Қачонки сенда юқори сифатли футболчилар бўлса, иш анча енгиллашади. Озгина машғулот билан улар ғояни тушуниб олади ва турли позицияларда ҳаракатлана олади. Бу мураббий учун катта қулайлик, — деди мадридликлар устози.

У, шунингдек, айрим футболчиларга дам бериш зарурлигини таъкидлади:

— Бугун биз Милитао ва Карвахалга дам беришимиз керак эди. Майдонга тушган футболчилар эса ўз имкониятларини тўла ишга солиб, ажойиб ўйин кўрсатишди. Аммо ҳозирча ортиқча хурсанд бўлишга эрта. Олдимизда дерби бор ва барча фикрларимиз шу ўйинга йўналтирилади, — дея сўзини якунлади Хаби Алонсо.

«Реал»нинг ушбу ғалабаси жамоага муҳим очколар тақдим этди ва мадридликларни чемпионлик йўлида янада ишончли қадам ташлашга ундади. Эндиликда эса барча диққат Эль-Класико олдидан жамоанинг қай даражада тайёргарлик кўраётганига қаратилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Хаби Алонсо: «Реал»да бу йўл фақатгина бошланиши, холос...