Бугун Бишкек шаҳри катта футзал баҳсларига саҳна бўлмоқда. Осиё кубоги–2026 саралаш мусобақасининг F гуруҳида сўнгги тур учрашувлари старт олди. Мазкур босқичда пешқадамликни қўлда сақлаб турган Ўзбекистон миллий терма жамоаси мусобақа мезбонлари — Қирғизистонга қарши майдонга чиқиши кутилмоқда. Бу ўйин нафақат гуруҳ тақдирини белгилайди, балки икки қўшни давлат жамоалари ўртасидаги тарихий рақобатнинг янги саҳифасига айланиши мумкин.
Ўзбекистон футзал федерацияси президенти Бекзод Маматқулов ҳам ўйин арафасида Бишкекка етиб келди. У миллий жамоа аъзолари билан учрашиб, уларга сўнгги тур олдидан руҳий қувват бағишлади.
“Сизларнинг ҳар бир ҳаракатингиз Ўзбекистон номи билан боғлиқ. Биз шароитларни яратиб беряпмиз, сизлар эса натижа билан халқни қувонтиришингиз керак. Қирғизистонга қарши баҳс катта имтиҳон бўлади. Шунинг учун майдонда сўнгги дақиқагача барча маҳоратингизни ишга солиб, курашишингиз зарур”, — дея таъкидлади федерация раҳбари.
Мазкур суҳбат терма жамоа футболчиларининг мотивациясини оширишда, уларни масъулиятни янада теран ҳис этишга чорлашда муҳим ўрин тутди. Бундай учрашувлар терма жамоанинг бирдамлигини мустаҳкамлайди, ўйинчиларни синов олдидан қўшимча руҳий куч билан таъминлайди.
Шу тариқа, Ўзбекистон футзалчилари ҳал қилувчи ўйинга максимал руҳий ва жисмоний тайёргарлик билан кириб бормоқда. Мухлислар эса улардан навбатдаги тарихий ғалабани интиқлик билан кутмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!