date

УЕФА Исроил клублари ва терма жамоасини турнирлардан четлатмади

УЕФА Исроил клублари ва терма жамоасини турнирлардан четлатмади

24 сентябр куни Европа футбол ассоциациялари иттифоқи — УЕФА ижро қўмитаси йиғилишида Исроил миллий терма жамоаси ва унинг клубларига нисбатан эҳтимолий санкциялар масаласи муҳокама қилинди. Йиғилишдан сўнг эълон қилинган қарорга кўра, Исроилга ҳозирча турнирларда қатнашишни тақиқловчи жазо чоралари қўлланилмайди. Бу ҳақда Isreal Hayom нашри хабар тарқатди.

Йиғилишда Исроил терма жамоасининг Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичидаги ўйинларида иштирок этиши, шунингдек, «Маккаби Тел-Авив» клубининг Европа Лигасида Грециянинг «ПАОК» жамоасига қарши баҳсдан четлатилиши мумкинлиги масаласи кўтарилган эди. Бироқ қўмита аъзолари вазиятга қарамай, уларнинг мусобақаларда иштирокини давом эттириш ҳақида қарор қабул қилди.

Бу қарор Яқин Шарқдаги зиддиятлар тобора кучайиб, жаҳон ҳамжамияти томонидан Исроилга нисбатан кескин танқидлар ва бойкот чақириқлари кўпайиб бораётган бир пайтда қабул қилинди. Аввалроқ Бирлашган Миллатлар Ташкилоти экспертлари Исроилни инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини қўпол равишда бузганликда айблаб, уни халқаро турнирлардан зудлик билан четлатишга чақирган эди.

Шу билан бирга, УЕФА навбатдаги йиғилишини октябр ойига белгилаган ва вазият ривожига қараб, ҳозирги қарор қайта кўриб чиқилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, УЕФА 2022 йил февраль ойида Россия Украинага босқин бошлаганидан сўнг, Россия миллий терма жамоаси ва клубларини барча халқаро мусобақалардан четлатиш ҳақида кескин қарор қабул қилган эди. Шунинг учун Исроилга нисбатан қўлланилган позиция Европа футбол жамоатчилигида кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Mутахассислар фикрича, бу қарор нафақат футбол майдонидаги рақобатни, балки спорт орқали сиёсий вазиятларга таъсир кўрсатиш масаласини янада долзарб қилиб қўйди.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » УЕФА Исроил клублари ва терма жамоасини турнирлардан четлатмади