date

Жонни Уокер: "Ҳамзат Чимаевни ҳозир мағлуб этиш мумкин эмас"

Жонни Уокер: "Ҳамзат Чимаевни ҳозир мағлуб этиш мумкин эмас"

Бразилиялик машҳур UFC жангчиси Жонни Уокер ҳозирги вақтда аралаш жанг санъати дунёсидаги энг кўп муҳокама қилинаётган спортчилардан бири — ўрта вазн чемпиони Хамзат Чимаев ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Чимаев ҳозирги кунда ушбу вазн тоифасида мутлақ устунликка эга ва рақобатчилардан анча устун туради.

«Чимаевнинг Дрикус дю Плессига қарши жангини кўрганимда, у ҳақиқий мастер-класс кўрсатганини англадим. Унинг маҳорат даражаси бутунлай бошқа босқичда. Ҳамзат чемпионликка ҳақиқатан ҳам муносиб эканини яна бир бор исботлади. Ҳозирги вазиятда ўрта вазнда унга рақобат қила оладиган жангчи йўқ, деб ўйлайман. Балки яқин вақтларда ёки келгуси йилларда бундай рақиб пайдо бўлар, лекин ҳозирча уни кўрмаяпман», — деди Уокер «Helen Yee Sports» YouTube каналига берган суҳбатида.

Эслатиб ўтамиз, Хамзат Чимаев UFC 319 турнирида Жанубий Африка вакили Дрикус дю Плессига қарши рингга чиққан эди. Қаттиқ курашларга бой бўлган ушбу жанг ҳакамларнинг якдил қарорига кўра Чимаевнинг ғалабаси билан якунланди. Шу тариқа, у UFC ўрта вазн тоифаси камарини қўлга киритиб, ўз номини тарихга ёзиб қўйди.

Жангдан кейин бутун жаҳон оммавий ахборот воситалари ва спорт экспертлари Чимаевнинг ҳимоя ва ҳужумдаги универсаллиги, кучли жисмоний тайёргарлиги ҳамда психологик чидамлилигини алоҳида таъкидлашди. Жонни Уокернинг фикрича ҳам, айнан шу жиҳатлар уни ҳозирги кунда деярли мағлуб этиб бўлмас даражада кўрсатмоқда.

Ҳамзатнинг ўрта вазндаги келажаги ҳақида турли тахминлар айтилаётган бўлса-да, кўплаб таҳлилчилар унинг устунлиги узоқ вақт сақланиб қолиши мумкинлигини таъкидлашмоқда. Чунки у нафақат кучли жангчи, балки тактик фикрлаш қобилияти ва тўлиқ профессионал ёндашуви билан ҳам ажралиб туради.

Шу боис, ҳозирги вазиятда Жонни Уокернинг «Чимаевга қарши рақиб йўқ» деган сўзлари жуда кўп спорт ишқибозлари фикри билан ҳамоҳанглик касб этмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Жонни Уокер: "Ҳамзат Чимаевни ҳозир мағлуб этиш мумкин эмас"