Англиянинг амалдаги чемпиони “Манчестер Сити” трансфер бозорида жиддий ҳаракат бошлади. Жамоа ярим ҳимояда Родрининг ўрнини муносиб тарзда тўлдириш учун янги номзод изламоқда. “Fichajes” нашрининг ёзишича, “шаҳарликлар”нинг диққат марказида ҳозирда ПСЖ шарафини ҳимоя қилаётган португалиялик маҳоратли хавбек Жоау Невеш турибди. Манба маълумотларига кўра, “Сити” унинг трансфери учун камида 120 миллион евро ажратишга тайёргарлик кўрмоқда.
Жоау Невеш 2024 йилнинг ёзида Париж клубига қўшилган ва қисқа вақт ичида жамоанинг етакчи ўйинчиларидан бирига айланди. Ҳозирга қадар у парижликлар сафида 63 расмий учрашувда майдонга тушиб, 10 та гол урди ва яна 10 та голли узатма муаллифига айланди. Унинг универсаллиги, жисмоний тайёргарлиги ва майдондаги юқори фаолияти уни Европадаги энг талабгир ярим ҳимоячилардан бирига айлантирди.
Эътиборли жиҳати, Невеш 2025 йилги нуфузли “Олтин тўп” сўровномасида 19-ўринни эгаллади. Бу натижа унинг ёш бўлишига қарамай жаҳон футболидаги нуфузини намоён этди. Шу билан бирга, ўтган мавсумда у ПСЖ билан Лига 1, Франция Кубоги, Франция Суперкубоги ва Чемпионлар Лигасида зафар қучди. Миллий терма жамоаси билан эса Миллатлар Лигаси кубогини қўлга киритиб, янада катта ютуқларга эришди.
“Манчестер Сити” раҳбарияти учун Невешнинг трансфери келгуси йиллардаги энг муҳим қадамлардан бири сифатида баҳоланмоқда. Чунки Родри каби марказий хавбекнинг алмашинувини топиш Пеп Гвардиола жамоаси учун энг устувор вазифалардан бири бўлиб турибди.
Мухлислар ва экспертлар ҳозирнинг ўзида ушбу эҳтимолий трансфер ҳақида қизғин мунозара олиб боришмоқда. Агар келишув амалга ошса, Жоау Невеш Англия Премьер-лигаси тарихидаги энг қиммат ярим ҳимоячилардан бирига айланиши мумкин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!