Ўзбекистон футбол ассоциацияси яқин кунларда жаҳон футболидаги йирик номлардан бири – 2006 йилда «Олтин тўп» совринини қўлга киритган Фабио Каннаваро билан мулоқот олиб борди. Championat.asia сайтининг ёзишича, музокаралар Каннаваронинг юрти – Италияда бўлиб ўтган.
Машҳур ҳимоячи сифатида тарихда қолган ва кейинчалик мураббийлик йўлини танлаган Каннаваро БАА, Хитой ҳамда Саудия Арабистони клубларида ўзини синаб кўрди. Шунингдек, у Хитой миллий терма жамоаси, «Беневенто», «Удинезе» ва Хорватиянинг «Динамо» Загреб клубларида бош мураббий лавозимини бажарган. Мазкур тажриба уни жаҳон футболида катта обрў қозонган мутахассис сифатида намоён этди.
ЎФА раҳбариятининг Каннаваро билан олиб борган музокаралари Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқарувига уни таклиф этиш имконияти билан боғлиқ. Агар келишув амалга ошса, терма жамоа тарихида биринчи марта «Олтин тўп» соҳиби мураббий сифатида жамоани бошқариши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтиш жоиз, 52 ёшли Каннаваро ўтган ой Ўзбекистонда меҳмон бўлиб, футзал бўйича Ўзбекистон Суперкубоги финалида иштирок этди. Шунингдек, маҳаллий футбол афсоналари билан бирга кўргазмали ўйинда майдонга тушгани билан ҳам мухлислар хотирасида қолди.
Бу хабар ортидан футбол муҳитида қизғин муҳокамалар бошланди. Каннаваро каби нуфузли шахснинг Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи этиб тайинланиши нафақат мамлакат футболининг нуфузини ошириши, балки ёш футболчилар учун ҳам катта мотивация бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!