ФИФА матбуот хизмати 2026 йил 11 июндан 16 июлга қадар АҚШ, Мексика ва Канада ҳудудларида ўтказиладиган жаҳон чемпионати рамзий тимсолларини эълон қилди. Бу сафарги мусобақа учун махсус образлар сифатида учта ҳайвон қаҳрамон танлаб олинди. Улар орқали турнирнинг руҳи, жозибаси ва рамзий қиммати намоён этилиши кўзда тутилган.
Янги тимсоллардан бири – буғу Мэйпл. У куч, барқарорлик ва табиатга яқинликни англатади. Иккинчиси – ягуар Зайю бўлиб, у жасорат ва чаққонлик тимсоли сифатида талқин этилмоқда. Учинчи тимсол эса оқбош бургут Клатч. У қудрат, юксак парвоз ва ғалаба учун интилиш рамзи сифатида танланган.
ФИФАнинг маълум қилишича, ушбу тимсоллар нафақат чемпионатнинг расмий юзига айланади, балки оммавий маданиятда ҳам ўз ўрнига эга бўлади. Улар келаси йил оммага тақдим қилиниши кутилган FIFA Heroes сериясидаги янги видео ўйинларда ҳам иштирок этади. Бу орқали турнирга бўлган қизиқиш янада кучайиши ва янги авлод мухлисларига ҳам яқинлашиши кўзда тутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, ҳар бир жаҳон чемпионатида махсус тимсол танланади ва улар турнирнинг руҳи ҳамда миллий қадриятларини акс эттиришга хизмат қилади. Бу йилги танлов ҳам учта мамлакатнинг умумий рамзлари, табиати ва маданий образларини уйғунлаштириб тақдим этди.
Шу тариқа, Мэйпл, Зайю ва Клатч ЖЧ-2026 ни нафақат майдондаги ўйинлар, балки мухлислар қалбида ҳам ёдда қоладиган воқеага айлантириши кутилаяпти.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!