Бразилия миллий жамоаси ва «Барселона»нинг афсонавий футболчиси Ривалдо каталонияликлар тарбиясида шаклланаётган ёш вингер Ламин Ямал ҳақида тўхталиб, унинг келажаги ҳақида катта башорат қилди.
Унинг фикрича, ҳозирда бор-йўғи 18 ёшни қаршилаган Ламин кейинги йилда дунё футболидаги энг нуфузли мукофот — «Олтин тўп»га асосий даъвогарлардан бирига айланиши мумкин.
«Менимча, Ламинда келаси йил «Олтин тўп»ни қўлга киритиш учун барча имкониятлар мавжуд. Агар у кўп гол урса, кўплаб голли узатмалар берса ва мавсум давомида юқори даражадаги ўйин намойиш этса, мукофот ундан четлаб ўтмайди.
Фақат ўз маҳоратини кўрсатишнинг ўзи етарли эмас. У Лионел Месси ва Криштиану Роналду ўз вақтида қилганидек майдонда ҳамма нарсани исботлаши шарт», — деди Ривалдо ўз баёнотида.
Эслатиб ўтамиз, Ламин Ямал жорий мавсум Ла Лига доирасида учта учрашувда майдонга тушиб, иккита гол муаллифи бўлди ва уч марта ассистентлик қилди. Унинг Transfermarkt порталидаги трансфер баҳоси 200 миллион евро деб кўрсатилмоқда.
Бу рақам Ямалнинг потенциали ва унга бўлган қизиқиш қай даражада юқори эканини яққол кўрсатиб турибди. Каталония жамоасининг ёш иқтидори шундай темпда ривожланса, Ривалдо айтган сўзлар ортиқча эмаслигига футбол ишқибозлари ҳам ишона бошлаши тайин.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!