Суперлиганинг 23-туридан ўрин олган «Андижон» – ОКМК баҳсидан сўнг меҳмонлар бош мураббийи Миржалол Қосимов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
Мураббий аввало стадионга ташриф буюрган мухлисларга миннатдорлик билдирди. Унинг фикрича, учрашув ҳақиқий футбол кайфиятини берган, майдонда кескин ва таъсирли кураш кечган. Бироқ Қосимовнинг таъкидлашича, жамоаси мағлубиятга муносиб ўйин кўрсатмаган. Биринчи бўлимда киритилган гол шубҳали бўлгани, офсайд бор-йўқлиги баҳсли эканини у алоҳида қайд этди. «Андижон» ғалабаси билан табрикланди, аммо иккинчи бўлимда қанча меҳнат қилинмасин, рақибнинг тартибли ҳимояси ва дарвозабоннинг ишончли ўйини сабаб гол уришнинг иложи топилмади. Хусусан, сўнгги дақиқаларда Хуршидда имконият бўлганини, бироқ у ҳам голга айланмаганини эслатди.
Қосимов жамоасининг асосий муаммосини яратилган вазиятлардан унумли фойдалана олмаганида кўрди. Унинг фикрича, иккинчи бўлимда кўрсатилган шижоат ва ҳаракатни биринчи бўлимда ҳам намойиш этганида, ҳисоб мутлақо бошқача бўлиши мумкин эди.
Мураббийга Асадбек Собиржонов ҳақида ҳам савол берилди. Чунки у майдонга киргандан кейин ОКМКнинг ҳужумлари кўпайганди. Бу борада Қосимов: «Агар уни бошидан туширганимизда ҳам саволлар бўларди. Асадбек ўйинга яхши қўшилди, аммо баҳсли вазиятда ўзини бундай тутишга ҳаққи йўқ эди. Чунки вақт биз тарафда эмасди. Бундай ҳолатда эса ортиқча тортишувсиз фақат футбол ўйнаш керак», деб жавоб қайтарди.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!