date

Лионель Месси «Интер Майами» билан шартномани узайтирди

Лионель Месси «Интер Майами» билан шартномани узайтирди

Америка Қўшма Штатларидаги машҳур “Интер Майами” клуби охирги ойларда жамоа юлдузи ва дунё футболи рамзига айланган Лионель Месси билан тугаётган шартномани янгилаш борасида фаол музокаралар олиб борди. Ниҳоят, жамоа ва футболчи томонидан бир неча ҳафталар давом этган суҳбатлар самара берди ва икки тараф барча масалаларда тўлиқ келишувга эришди.

Таниқли журналистлар Николо Скира ҳамда Хави Кампоснинг хабар беришича, янги битим шартлари бўйича ҳамкорлик 2028 йилнинг 31 декабрига қадар амал қилади. Шу билан бирга, келишувнинг ўзига хос жиҳати ҳам бор — Месси 2026 йилнинг охирида шартномани бир томонлама бекор қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Шунингдек, “Интер Майами” клуби ҳам 2027 йил декабрида ҳамкорликни якунлаш имкониятига эга бўлади.

Янги шартнома расмий равишда имзоланиши яқин кунларда бўлиб ўтадиган махсус маросимда эълон қилиниши кутилмоқда. Бу нафақат клуб, балки Америка футболи тарихида ҳам катта воқеа сифатида баҳоланмоқда.

Маълумки, Лионель Месси 2023 йил ёзидан буён “Интер Майами” шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Аргентиналик юлдуз орадан икки йилча вақт ўтган бўлса-да, клубда аллақачон рекордлар ўрнатди — 69 та расмий учрашувда майдонга тушиб, жами 58 та гол уришга ва 28 та голли узатма беришга муваффақ бўлди.

Месси ўз маҳоратлари билан нафақат жамоа, балки бутун МЛС чемпионатининг нуфузини ошириб, турли мамлакатлардан юз минглаб мухлисларни ўйинларга жалб этмоқда. Келаси йилларда шартнома узайтирилиши орқали юлдуз футболчи Америка футболидаги нуфузини янада мустаҳкамлаши кутилмоқда.

Шу тариқа, “Интер Майами” ва Месси ўртасидаги ҳамкорлик яна камида уч йилга узайтирилди. Бу эса жамоага катта спорт ва маркетинг ютуқларини олиб келишига ишонч билдирилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Лионель Месси «Интер Майами» билан шартномани узайтирди