date

“Ал-Ҳилол” Қаршида “Насаф”га қарши баҳсга йўқотишлар билан келди

“Ал-Ҳилол” Қаршида “Насаф”га қарши баҳсга йўқотишлар билан келди

Саудия Арабистонининг машҳур клуби “Ал-Ҳилол” элит Чемпионлар лигаси 2-туридан ўрин олган муҳим баҳс учун кеча Қарши шаҳрига етиб келди. Жамоа 29 сентябрь куни соат 18:45да “Марказий” стадионида маҳаллий клуб “Насаф”га қарши сафар ўйинини ўтказади.

Ушбу беллашув олдидан эртага маҳаллий вақт билан соат 17:00да “Ал-Ҳилол” бош мураббийи Симоне Индзаги ва жамоа аъзоларидан бири иштирокида матбуот анжумани ўтказилиши режалаштирилган. Бу анжуманда жамоа олдида турган вазифалар ва учрашувга оид кутилган натижалар ҳақида сўз бориши кутилмоқда.

Бироқ саудияликларнинг таркибида йирик йўқотишлар бор. Клуб матбуот хизмати маълумотига кўра, бир қатор етакчи футболчилар “Насаф”га қарши баҳсда жамоага ёрдам бера олмайди. Хусусан, Саудия термаси юлдузи Салем Ал-Давсари, хавбек Абдуллоҳ Ал-Малки, португалиялик ҳимоячи Жоау Канселу ҳамда уругвайлик ҳужумчи Дарвин Нунес индивидуал реабилитация дастурлари асосида клуб базасида даволанишни давом эттирмоқда.

Шу боис улар жамоа билан бирга Ўзбекистонга учиб келмади ва “Насаф”га қарши кечадиган беллашувни албатта ўтказиб юбориши аниқ бўлди.

Эътиборлиси, “Ал-Ҳилол”да бундай йўқотишлар бўлишига қарамай, жамоа ҳали ҳам нуфузли таркибга эга. Индзаги қўл остидаги футболчиларнинг салоҳияти юқори баҳоланмоқда ва бу ўйин “Насаф” учун жиддий синов бўлиши турган гап.

Қаршидаги “Марказий” стадионида ўтадиган ушбу тўқнашув нафақат мусобақа тақдири, балки ҳар икки клуб нуфузи учун ҳам катта аҳамият касб этади.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Ал-Ҳилол” Қаршида “Насаф”га қарши баҳсга йўқотишлар билан келди