“Манчестер Сити”нинг муҳим ярим ҳимоячиларидан бири саналган Бернарду Силванинг катта эҳтимол билан жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида “TalkSPORT” нашри орқали маълум қилинди.
Манба тарқатган хабарларга кўра, 31 ёшли португалиялик футболчи келаси ёздаги трансфер ойнасидан сўнг Европани тарк этиб, Саудия Арабистони клубларидан бирида фаолиятини давом эттиришни жиддий кўриб чиқмоқда. Унга катта қизиқиш билдирган клублар орасида “Ал Аҳли” ва “Ал Қодисия” бор. Шу билан бирга, Криштиану Роналду тўп тепаётган “Ал Насср” ҳам Силва хизматидан фойдаланишга қизиқиш билдирмоқда.
Бернарду Силва 2024/25 йилги мавсумда “Манчестер Сити” сафида 52 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 6 та гол ва 5 та голли узатма ёздириб қўйди. Унинг амалдаги шартномаси 2026 йилнинг 30 июнига қадар давом этади.
Transfermarkt портали маълумотларига кўра, ҳозирги пайтда Силванинг трансфер қиймати 38 миллион еврога баҳоланмоқда. Бу эса Саудия клублари учун катта сармоя талаб этиши мумкин бўлса-да, уларнинг молиявий имкониятлари бунга йўл қўйиши эҳтимолдан холи эмас.
“Сити” таркибида жамоавий ва шахсий жиҳатдан катта ютуқларга эришган Бернарду Силва янги чақириқ излаётгани айтилаётгани жамоа мухлисларини ҳам ўйга солмоқда. Саудия Арабистонидаги йирик лойиҳалар ва юлдузлар йиғиндиси эса португалиялик футболчининг йўналишини ўзгартириши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!