Элит Осиё Чемпионлар лигасининг 2-туридан ўрин олган “Насаф” – “Ал-Ҳилол” учрашувидан сўнг Қарши клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.
Устоз учрашув ҳақидаги дастлабки фикрларини баҳам кўрар экан, рақибнинг савияси ва тажрибаси ғалабада ҳал қилувчи омил бўлганини қайд этди:
— Ҳаммадан аввал, барчага хайрли кеч. Бугун савия ўз сўзини айтди. Биздан кучли жамоага ютқаздик. Аммо йигитларнинг майдондаги астойдил ҳаракатларига миннатдорчилик билдираман. Аниқроқ айтадиган бўлсак, баъзи ҳолатларда ўзгартириш қилиш имконимиз бор эди. Агар сафимизда Алибек Давронов ва Муродбек Раҳматов бўлганида, эҳтимол ўйинимиз янада кучлироқ кўринган бўларди.
Журналистлар “Насаф”нинг турли жиҳатларда шаклланиб бораётгани, айниқса, иккита баҳсда кўрсатган ўйини жамоа учун катта мактаб бўлаётгани ҳақида фикр билдиришди. Бердиев эса буни тасдиқлаб, келгуси босқичлар учун тўғри хулосалар чиқариш зарурлигини таъкидлади:
— Бундай баҳслар биз учун жуда катта сабоқ. Агар мунтазам Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этмоқчи бўлсак, бу беллашувлардан хулоса олишимиз шарт. Шунингдек, бизга кучли ва савияли ўйинчилар ҳам керак. Жавоҳир Сидиқовни мажбурий равишда захирага олишга тўғри келди.
Легионерлар ҳақида берилган саволга жавобан мураббий молиявий имкониятлар ҳамда футболчиларнинг шахсий хоҳиши катта роль ўйнашига эътибор қаратди:
— Бу йўналишда катта маблағлар йўқ. Ҳар бир клуб молиявий қийинчиликка дуч келади. Шу билан бирга, легионерларнинг ўзи ҳам қайси шаҳарда ва қайси чемпионатда ўйнашни танлайди. Айримлари кўп савол беради: қаерда жамоа, қандай шарт-шароит, қайси чемпионат? Шунинг учун ҳам ҳамма нарса фақат пул билан ҳал бўлмайди.
Олдиндаги баҳслар ҳақида гап кетар экан, Рўзиқул Бердиев Элит Чемпионлар лигасида осон ўйин йўқлигини қайд этди:
— Ҳар бир баҳс ўзича оғир. Биз Саудиянинг энг кучли учта клубидан иккитасига қарши майдонга тушдик, ҳали “Ал-Иттиҳод”га қарши ҳам учрашув бор. Мағлубиятлар бўлса-да, биз тажриба орттиряпмиз. Кейинчалик даража жиҳатидан бизга яқин жамоалар билан бемалол кураша оламиз. Эрон, БАА ва Ироқ клубларига қарши учрашувларда имкониятларимиз анча юқори бўлади, деб ишонаман.
Шу тариқа, “Насаф” навбатдаги йирик синовлардан ўтиб, ҳар бир баҳсдан муҳим сабоқлар чиқаришга ҳаракат қилмоқда.