Қозоғистон миллий терма жамоасида раҳбарият ўзгариши рўй берди. Федерация расмий сайти хабарига кўра, жамоага вақтинчалик бош мураббий сифатида Талгат Байсуфинов ишониб топширилди.
У Жаҳон чемпионати—2026 саралаш босқичи доирасидаги навбатдаги икки муҳим беллашувда жамоага бошчилик қилади. 10 октябрь куни Лихтенштейнга қарши сафар учрашуви ва 13 октябрда Шимолий Македонияга қарши уй ўйинида Байсуфинов терма жамоа скамейкасида бўлади.
Талгат Байсуфинов учун бу лавозим янгилик эмас. У аввал ҳам икки марта Қозоғистон терма жамоасига бошчилик қилган: 2016–2017 ҳамда 2020–2022 йилларда. Ҳозирда эса у Қозоғистон U-21 жамоасида мураббийлар ментори сифатида фаолият юритмоқда.
Шу билан бирга, Қозоғистон футбол федерацияси доимий бош мураббийни хориждан топиш мақсадида изланишларни давом эттираётгани маълум қилинди. Бу жараён Ўзбекистон футбол ассоциацияси тажрибасига ўхшаш ҳолда олиб борилмоқда.
Янги мураббий ким бўлиши ҳозирча номаълум, бироқ федерация жамоага юқори савияли мутахассис жалб қилиш ниятида эканини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!