date

Рамазон Темиров тақиқланган модда учун бир йилга четлатилди

Рамазон Темиров тақиқланган модда учун бир йилга четлатилди

Ўзбекистонлик UFC жангчиси Рамазон Темировнинг тақдири атрофидаги нохуш хабар расман тасдиқланди. Combat Sports Anti-Doping (CSAD) ташкилоти маълум қилишича, Темиров тақиқланган модда — триметазидин (TMZ)дан фойдалангани учун бир йил муддатга жанглардан четлатилди.

Триметазидин — асосан юрак етишмовчилиги ва турли кардиологик хасталикларда қўлланадиган препарат бўлиб, UFC антидопинг дастурида гормонал ва метаболик модуляторлар синфига киритилган. Ушбу модданинг ҳар қандай шароитда қўлланилиши мутлақо ман этилган.

CSAD маълумотларига кўра, спортчидан олинган биринчи намуна 2025 йил 12 июн куни Таиландда мусобақадан ташқари даврда текширилган ва ижобий натижа кўрсатган. Бироқ жангчи бу ҳақда хабар топмагани учун, 4 июл куни ўтказилган иккинчи текширув ҳам қоидаларга кўра ягона қоидабузарлик сифатида баҳоланди.

Темиров суҳбат жараёнида TMZдан фойдаланганини яширмади ва препаратни шифокор кўрсатмасига биноан қабул қилганини таъкидлади. Шу боис, унинг ҳаракатлари қасддан қонун бузиш сифатида эмас, балки тиббий эҳтиёж ортидан содир бўлган ҳолат сифатида қайд этилмоқда.

Шунга қарамай, UFC қатъий тартиб-қоидалари асосида бундай ҳолатлар кечирилмайди. Натижада, Темиров жанглардан бир йилга узоқлашади.

Маълумот учун, 27 ёшли Рамазон Темиров ҳозиргача UFC октагонида икки бор жанг ўтказган ва ҳар иккисида ҳам ғалаба қозонган. Унинг чиқишлари маҳаллий ва халқаро ММА мухлислари орасида катта қизиқиш уйғотганди. Бир йиллик дисквалификация эса ёш жангчининг карьерасида жиддий тўсиқ бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, мутахассислар унинг спортга яна қайтиб, ўз йўлини давом эттиришига ишонч билдиришмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Рамазон Темиров тақиқланган модда учун бир йилга четлатилди