date

“Реал” ёзда икки муҳим трансферни амалга оширишга яқин...

“Реал” ёзда икки муҳим трансферни амалга оширишга яқин...

“Реал Мадрид” раҳбарияти клуб келажаги ва жамоа тактик имкониятларини янада кучайтириш мақсадида ёзда катта ўзгаришлар қилишга тайёрланмоқда. Хаби Алонсо қўллаётган ўйин услубига мос футболчиларни излаш давом этар экан, мадридликлар икки йирик трансфер бўйича муҳим қарор қабул қилди.

Transfer News Live ва Defensa Central маълумотларига кўра, “Қироллик клуби” “Ливерпуль” билан шартномаси якунланаётган Иброҳим Конатени Мадридга олиб келиш борасида келишувга эришган. Манбалар хабар беришича, 26 ёшли француз ҳимоячиси эркин агент сифатида ёзда “Сантьяго Бернабеу”га келишга рози бўлган.

Конате ҳозиргача “Ливерпуль” билан шартномани узайтирмагани, бу эса унинг “Реал”га йўлини очганини кўрсатади. Франция терма жамоаси аъзоси ҳисобланган ҳимоячи жамоанинг орқа чизиғига куч қўшиши ва Алонсо тизимида муҳим ижрочига айланиши мумкин.

Иккинчи трансфер мавсум ҳикояларидан бири – мадридликлар тарбияланувчиси Николас Пас ҳақида. Айни вақтда Италия чемпионатида “Комо” сафида муваффақиятли ўйнаётган аргентиналик ёш яримҳимоячи кўплаб гранд клубларнинг эътиборини ўзига қаратган. Аммо “Реал” уни ортга қайтариш ниятида.

Қизиғи шундаки, мадридликларда Николас Пасни бор-йўғи 10 миллион евро эвазига қайта сотиб олиш имконияти мавжуд. Бу эса жамоага ёш ва иқтидорли футболчини арзон нархда қўлга киритиш имконини беради.

Манбаларнинг таъкидлашича, ҳеч қандай кутилмаган ўзгаришлар бўлмаса, ҳар икки футболчи 2026 йилнинг ёзида расман “Реал” сафида тўп суришни бошлайди. Бу эса жамоанинг кучини янада ошириши ва Европадаги рақобатда қўшимча устунлик бериши кутилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » “Реал” ёзда икки муҳим трансферни амалга оширишга яқин...