date

МДҲ ўйинлари: Ўзбекистон боксчилари беш олтинни қўлга киритди!

МДҲ ўйинлари: Ўзбекистон боксчилари беш олтинни қўлга киритди!

Озарбайжонда ўтаётган МДҲ ўйинларининг бугунги бокс дастури ёш бокчиларимиз учун ҳақиқий триумфга айланди. Финалга етган 10 нафар йигитдан 5 таси рингни ғолиб сифатида тарк этиб, олтин медални нақд қилди. Қолган беш нафар финалчилар кумушни қўлга киритди, яна бир спортчимизнинг ҳиссасига бронза ёзилди. Шу тариқа жамоамиз 5 та олтин, 5 кумуш ва 1 бронза билан ўз устунлигини яна бир бор намоён этди.

Олтин медал соҳиблари
  • -54 кг — Беҳруз Роҳаталиев

  • -57 кг — Бобомурод Боймирзаев

  • -63 кг — Дилшод Аҳмаджонов

  • -70 кг — Ойбекжон Абдураҳимов

  • -75 кг — Хуршидбек Жўраев

Бу якунлар ҳар бир финалдаги тайёргарлик, тактик интизом ва сўнгги дақиқагача курашиш руҳининг ёрқин тасдиғи бўлди.

Кумуш медал соҳиблари
  • -46 кг — Ўткирбек Норқосимов

  • -50 кг — Азизбек Шокиржонов

  • -60 кг — Отабек Нурмуҳаммадов

  • -66 кг — Камронбек Ҳамдамов

  • +80 кг — Фарҳоджон Баҳодиров

Финалдаги рақобат кескин бўлди, бироқ йигитларимизнинг иродаси ва характерини алоҳида таъкидлаш керак — бу тажриба навбатдаги мусобақаларда албатта ўз самарасини беради.

Бронза медал
  • -52 кг — Бекзод Исмоилжонов

Мураббийлар штаби

Жамоамиз ютуқларида устозлар меҳнати катта: Сирожиддин Наимов, Бахтиёр Тўрабоев, Элнур Абдураимов — мусобақа давомида ҳар бир жанг учун аниқ режа ва тўғри корректировкалар бериб боришди.

Ўзбекистон ўсмирлар термаси бу натижа билан МДҲ ўйинларидаги тенгсизлигини яна бир бор исботлади. Йигитларимизга табрик айтамиз! Олдинда яна катта стартлар, янги чўққилар бор — бугунги ғалабалар эса шу йўлдаги энг чиройли босқичлардан бири бўлиб қолди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » МДҲ ўйинлари: Ўзбекистон боксчилари беш олтинни қўлга киритди!