
Суперлига 24-туридан кейинги матбуот анжуманида “Нефтчи” бош мураббийи Виталий Левченко дербида қўлга киритилган ғалабани юқори баҳолаб, жамоа ва мухлисларни табриклади. «Дерби бўлгани учун ўйин оғир кечди. Ғалабадан мамнунман, мухлисларимизга миннатдорчилик билдираман», — деди устоз.
Чемпионлик пойгаси ҳақида сўралганда, Левченко ҳушёрликка чақирар экан: «Биз ўзимизга боғлиқ ишларни максимал даражада бажарамиз. Барча рақиблар очко йўқотади — биз эса ҳар ўйинда ўз улушимизни тўплаб боришимиз шарт. Қадамба-қадам, навбатдаги баҳсга тайёргарликка йўналамиз».
ФИФА кунларидаги режаларга тўхталар экан, мураббий ўртоқлик ўйини уюштириш ниятини маълум қилди: «Ҳа, танаффус пайтида синов учрашуви ўтказишни режалаштирганмиз», — дея қўшимча қилди Левченко.
Яқин вақтда кам майдонга тушган Марушич борасида эса шундай янгилик бор: «У эндигина жароҳатдан чиқяпти. ФИФА танаффусида тўлиқ тикланади, деган умиддамиз ва кейинги ўйинларда майдонга қайтиши мумкин».
Ўзбекистон МТЖ бош мураббийлиги борасидаги Фабио Каннаваро атрофидаги хабарларга муносабат: «Бу борада изоҳ беришим шарт эмас — масъул тузилмалар бор. Олдимизда мундиал турибди. Каннаваро ишончни оқлашига, терма жамоа жаҳон чемпионатида муносиб натижа қайд этишига тилакдошман», — деди Левченко.
Учрашувдаги атмосфера ҳақида устоз алоҳида тўхталди: «Икки секторга тўпланган мухлислар олдида ўйнадик. “Андижон” фанатлари ҳам жамоасини ёлғиз қолдирмади. Ростдан ҳам, бугун стадион кайфияти Чемпионлар лигаси кечаларини эслатди».
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.