2026 йилги жаҳон чемпионати тарихда илк бор 48 терма жамоа иштирок этадиган мусобақа бўлади. Ҳозирча мезбонлар — АҚШ, Канада ва Мексика билан бирга яна 15 мамлакат билетни қўлга киритган. Энг қувонарлиси, дебютантлар орасида Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳам бор — бу футболимиз учун янги саҳифа, катта масъулият ва улкан имконият демак.
Европанинг нуфузли манбаси GOAL.COM яқинда ЖЧ–2026 фаворитлари рейтингида Ўзбекистонни 25-поғонага қўйди. Экспертлар “оқ бўрилар”нинг сўнгги йиллардаги зарбдор ўсиши, рақобатга чидамли ўйин услуби ва мустаҳкамлашган таркибини алоҳида қайд этмоқда.
Ўзбекистоннинг мундиалга йўли осон кечмади. Январда бош мураббий Сречко Катанец саломатлик сабаб лавозимини тарк этди, ишни терма жамоанинг собиқ ярим ҳимоячиси Тимур Кападзе давом эттирди ва якунига етказди. 2025 йил 5 июнда БААга қарши сафарда қайд этилган голсиз дуранг саралашдаги иккинчи ўринни кафолатлади ва жаҳон чемпионати йўлланмаси расман қўлга киритилди.
Жамоа ишончини янада оширган палла — “CAFA Nations Cup 2025” финалида Эрон устидан 1:0 ҳисобидаги ишончли ғалаба. Шу билан ўзбеклар охирги ўнта учрашувнинг еттисини “қуруқ” якунлаб, ҳимоядаги интизомини амалда тасдиқлади.
Мусобақадаги муваффақият кўп жиҳатдан ҳимоя чизиғининг барқарор ўйинига бориб тақалади. “Манчестер Сити” футболчиси Абдуқодир Ҳусанов бошчилигидаги орқа қаторнинг ўқдек текислиги — плей-офф эшигини очадиган калитлардан бири. Олдинги чизиқда эсa сардор Элдор Шомуродов (“Истанбул Башакшеҳир”) тажрибаси ва шиддатини таклиф қилади, турк клубига яқинда қўшилган 21 ёшли Аббосбек Файзуллаев эса тезлик ва креатив билан ҳужумга янги ранг беради.
GOAL.COM таҳлилчилари “оқ бўрилар” учун асосий вазифаларни қуйидагича кўради:
— гуруҳ қуръасидаги имкониятдан максимал фойдаланиш;
— ҳимояда қатъият ва стандартларда самарадорлик;
— ротация ва захиралар ҳисобига ўйинни 70–90-дақиқаларида ҳам назорат қилиш;
— жароҳатлардан ҳимоя ва руҳий барқарорлик.
Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июндан 19 июлгача ўтказилади. Илк бор мундиалда қатнашадиган Ўзбекистон ва Иордания тарихий майдонга чиқади. Мухлислар учун эса асосий ҳикоя энди бошланяпти: дебютда муносиб ўйин, плей-оффга йўл ва байроқни юқори ҳилпиратиш — эндиликда реал мақсад. “Оқ бўрилар”, олға!
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!