date

Фабио Каннаваро бугун матбуот анжуманида нималар деди?

Фабио Каннаваро бугун матбуот анжуманида нималар деди?

Ўзбекистон Миллий терма жамоасининг янги бош мураббийи Фабио Каннаваро бугун матбуот анжуманида журналистлар саволларига атрофлича жавоб берди ва сафардош режалари билан ўртоқлашди.

Каннаваро, аввало, Ўзбекистоннинг мундиалга чиққани тарихий ютуқ эканини таъкидлаб, Италия ҳали йўлланма олмагани учун афсус изҳор этди:
— Футбол фақат Европада эмас, бутун дунёда, хусусан Осиёда шиддат билан ривожланяпти. Осиё термалари савияси ўсиб бораётгани сабаб Италияга қарши ўйин ўтказиш “имконсиз” эмас. Бу ерда болалар футболига эътибор кучайгани ва Миллий футбул маркази каби инфратузилмалар тизимли ривожланишга хизмат қиляпти, — деди у.

У ўзини футболнинг “одамчаси” сифатида ҳам таърифлади:
— Саккиз ёшимдан бери футболдаман, мен билган ягона соҳа — шу. Вақт ўтиши билан миллий жамоа ҳам, мен ҳам янада ривожланишимизга ишонаман.

Италиялик мутахассис бир ой аввал Тошкентга келганидаёқ ишлашга тайёр эканини ҳазиломуз қайд этганини эслатди:
Бир ой аввал бу ерга ташриф буюрдим. Ўшанда ҳазил тариқасида ишлашга тайёрлигимни айтгандим, бу эса амалга ошди. Ўшандаёқ таркибни кузатганман, энди машғулотларда батафсил баҳолайман. Бугун футболчилар билан учрашдик — ораларида италянча гапирадиганлар ҳам бор. Мураббий–футболчи мулоқоти — энг муҳим жиҳат. Тимур Кападзе билан чақирилганлар юзасидан гаплашдик. Штабда маҳаллий мутахассисларнинг бўлиши тарафдориман — менталитет ва маданиятни тезроқ англашга бу катта ёрдам беради. Шу боис Равшан Эрматовдан ҳам бу масалада қўллов сўраганман.

Каннаваро Суперлига ўйинларини доимий кузатишини айтди:
— Футболчини майдонда кўриш — энг холис мезон. Шунинг учун ички чемпионатни диққат билан таҳлил қиламан.

У Ўзбекистонда узоқроқ бўлиш ниятини ҳам яширмади:
— Жуда кўп чемодан билан келдим, ҳатто велосипедимни ҳам олиб келдим. Одамлар орасида бўлишни яхши кўраман, иштиёқ катта. Ёшлар ва ўсмирлар термаларини ҳам доимий кўздан кечираман — бу биз учун стратегик захира.

Матбуот анжумани якунида Каннаваро миллий жамоа олдидаги асосий вазифа — интенсивликни ошириш, жисмоний ва тактик барқарорликни мустаҳкамлаш эканини қўшимча қилди. Мурувват ва қатъият уйғунлигида иш олиб боришга ваъда берган мутахассис мухлисларга ҳам миннатдорлик билдирди: «Сизларнинг ишончингиз — биз учун қувват».

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваро бугун матбуот анжуманида нималар деди?