Ўзбекистон миллий терма жамоасини 2026 йил АҚШ, Канада ва Мексикада ўтадиган жаҳон чемпионатига италиялик мутахассис Фабио Каннаваро тайёрлайди. 2006 йилги “Олтин тўп” соҳибининг мундиал дебютантига бош мураббий сифатида келиши кутилмаган қарор сифатида баҳоланмоқда — чунки Фабио, афсонавий футболчи бўлишига қарамай, мураббийликда ҳали ёрқин натижаларга эришмаган.
Шу сабабли Каннаваро учун ҳам мураккаб, бироқ жуда масъулиятли янги босқич бошланди. Қарор дунё оммавий ахборот воситаларида қизғин муҳокама қилинмоқда. Бельгиядаги voetbalnieuws.be сайти журналисти Янник Ланкрит ўз таҳлилида Каннаваронинг ўтмишини ва Ўзбекистон танловини шундай изоҳлайди: футболчи сифатида Фабио Каннаваро мутлақ юқори савияда бўлган — “Наполи”, “Парма”, “Интер”, “Ювентус” ва “Реал Мадрид”дек грандларда ўйнаган, 2006 йилда эса Италияни жаҳон чемпиони қилиб, шахсан “Олтин тўп”га муносиб топилган.
Мураббийлик карерасида эса шундай барқарор парвоз кўринмади: Италияда “Беневенто” ва “Удинезе”да қисқа муддатли тажрибалар, Яқин Шарқ ва Хитойдаги иш фаолиятлари, сўнгги манзил — Загребнинг “Динамо”сида тўрт ойга етмай ишни якунлаш. Шунга қарамасдан, Ўзбекистон футбол ассоциацияси Каннаварога ишонч билдирди ва 2026 йил 31 июлигача мўлжалланган шартнома асосида жамоани мундиалга тайёрлаш вазифасини топширди.
Бу орада Ўзбекистон тарихида илк бор жаҳон чемпионатига йўлланма олди. Ҳал қилувчи саралаш босқичида юртимиз термаси Эрондан кейин иккинчи бўлиб, асосий таъқибчилар — БАА ва Қатарни ортда қолдирди. Марказий Осиёнинг етакчи жамоаси сифатида ўз ўйин услубини мустаҳкамлаётган Ўзбекистондан мундиалдаги дебют ҳам мухлислардан, ҳам экспертлардан катта қизиқиш уйғотмоқда.
Ланкрит қайд этганидек, ўзбек футболи тез суръатларда ўсмоқда. Буни “Манчестер Сити”да порлаётган ёш ҳимоячи Абдуқодир Ҳусанов мисолида кўриш мумкин. Шу билан бирга, ўтган ёздан буён Бельгиянинг Jupiler Лигасида “Антверпен” шарафини ҳимоя қилаётган Муҳаммадали Ўринбоев ҳам мамлакат футболи потенциалига ишора қилиб турибди.
Хулоса ўрнида: Каннаваро олдидаги вазифа аниқ — тузилган салоҳиятни тизимли машғулотлар, тўғри танлов ва мувозанатли тактика билан мундиал саҳнасига тайёр ҳолатга олиб чиқиш. Ўзбекистоннинг тарихий дебюти мутахассисдан ҳам, футболчилардан ҳам юксак интизом ва янги даражадаги рақобатга тайёрликни талаб қилади. Мухлислар эса энди жамоанинг катта саҳнадаги қадамларини катта умид билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!