Шахмат аҳли интизорлик билан кутган Жаҳон кубоги 2025 расман старт олади: мусобақа Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида 31 октябр куни бошланади. Турнир тузилмаси — 206 иштирокчи, нокаут тизими; юқори рейтингли шахматчилар 1/64 босқичидан баҳсга қўшилади. Тай-брейклар қоидаси сақланади, ҳар бир дуэлда хато кечирилмайди.
Ўзбекистон номидан иштирок этадиган шахматчилар ва уларнинг старт жуфтликлари:
— Нодирбек Абдусатторов — 1/64 босқичдан. Рақиби: Диего Флорес – Денис Махнев жуфтлигининг ғолиби.
— Жавоҳир Синдаров — 1/64 босқичдан. Рақиби: Никита Петров – Кирк Ғазарян жуфтлигининг ғолиби.
— Нодирбек Якуббоев — 1/64 босқичдан. Рақиби: Никлас Ҳусченбет – Билел Беллахсени жуфтлигининг ғолиби.
— Муҳаммадзоҳид Суяров — 1/128 босқичдан. Рақиб: 2024 йилги Номзодлар турнири иштирокчиси Нижат Абасов.
— Шамсиддин Воҳидов — 1/128 босқичдан. Рақиб: Жалолиддин Илҳоми.
Қисқача тарзда айтганда, рейтинги юқори триомиз — Абдусатторов, Синдаров ва Якуббоев илк босқични кузатувчи сифатида ўтказиб, 1/64 босқичдан чекига тушган рақибларга қарши тушади. Суяров эса дарҳол катта синов — Абасовга қарши ўйиндан бошлайди. Воҳидовга ҳам ўткир дуэл кутилмоқда.
Гоадаги довруқли марафонда ҳар очко олтин қийматида. Мухлисларимизга завқ улашадиган кескин ўйинлар, чиройли комбинациялар ва маҳорат намойишлари олдинда. Жамоамизга омад!
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!