Миср футбол ассоциацияси Африка Миллатлар Кубогига тайёргарлик доирасида декабр ойида Марокашда ўтадиган халқаро мини-турнирга қўшилиш борасида келишувни якунлаш арафасида. Бу ҳақда Мисрнинг Shorouk News нашри хабар тарқатди.
Турнирда тўрт жамоа — Ўзбекистон, Эрон, Кабо-Верде ва Миср — иштирок этиши кутилаяпти. Жуфтликлар қуръасига кўра, биринчи баҳсда айнан Миср ва Ўзбекистон майдонга тушади, ғолиб эса Эрон — Кабо-Верде ўртасидаги ўйин ғолиби билан финалда учрашади.
Ҳозирча мусобақанинг аниқ манзили ва санаси очиқланмаган. Шунингдек, ЎФА томонидан расмий тасдиқ ҳам берилмади. Бироқ турнир АМК (CAN) олдидан “фиръавнлар” учун сўнгги жиддий синов, Ўзбекистон учун эсa мундиалгача яна бир мустаҳкам тайёргарлик майдони бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионати йўлланмасини аллақачон қўлга киритган. Миср термаси эсa саралаш босқичидаги 2 ўйинда фақат 1 очко тўпласа етарли — улар финал босқичига жуда яқин турибди.
Қизиғи, Ўзбекистон ва Миср миллий жамоалари тарихда ҳали ўзаро тўқнаш келмаган. Демак, Марокашдаги ўйин икки терма учун ҳам янги саҳифа ва мухлислар учун янгича интрига бўлади. Турнир бўйича қўшимча маълумотлар эълон қилиниши билан хабарини етказамиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!