date

Уругвай бош мураббийи: Ўзбекистонга қарши синов, янги юзлар ва имкониятлар

Уругвай бош мураббийи: Ўзбекистонга қарши синов, янги юзлар ва имкониятлар

Уругвай терма жамоаси бош мураббийи Марсело Бьелса Малайзиядаги матбуот анжуманида Доминикан Республикасига қарши ўйин олдидан фикр билдирди. Унга кўра, Жануби-Шарқий Осиёдаги йиғин жамоага янги тажриба беради ва икки ўртоқлик баҳси — Доминикан ҳамда Ўзбекистонга қарши учрашувлар — таркибни синчковлик билан кўздан кечириш учун қулай майдонга айланади. «Эртага жуда қизиқарли беллашув бўлади. Малайзияда бўлиб турганимдан жуда мамнунман», — деди аргентиналик мутахассис.

Бьелса рақиблар борасида алоҳида тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистоннинг мундиалга чиққани ўзи ҳар жиҳатдан катта ютуқ ва очиқ сигнал: «Ўзбекистон жаҳон чемпионатига бораётган жамоа — бунинг ўзи етарлича омил. Доминикан Республикасида эса Европада тўп сураётган ўйинчилар кўп. Ҳар икки рақиб ҳам биздан юқори даражадаги ўйин талаб қилади». Бьелса аниқ чегара чизди: бу икки жамоанинг фарқи — ўриндош эмас, мақсад ва мақомда: биринчиси мундиалга йўлланма олган, иккинчиси эса йўқ. Шунга қарамай, у иккиси ҳам Уругвай учун жиддий синов бўлишини қайд этди.

Йиғинга айрим етакчилар қатнаша олмагани сабаби ҳам тушунтирилди. Хосе Мария Хименес ва Дарвин Нуньес жароҳат туфайли четда қолган, Родриго Бентанкур, Мануэль Угарте ва Федерико Вальверде эса бу сафар Малайзияга олиб келинмади. Бьелса бу қарорни «кўламли синов» зарурати билан изоҳлади: «Мундиалга оз қолди. Чақирилишга арзийдиган ҳар бир номзодга амалда имконият бериб кўриш шарт. Бу кунларда ҳар бир футболчининг ўйинини кўриб, 2026 йил июнда терма жамоада бўлиши мумкин бўлганларни баҳолаймиз».

Унинг фалсафаси ўзгармаган: юқори интенсивлик, жисмоний тайёргарлик ва тинимсиз прессинг. «Икки йилдан бери Уругвай футболидаман. Ҳозирги йиғинларда услубимизга сайқал бераяпмиз», — дея қисқача нуқта қўйди у. Шу пайт Кике Оливейранинг бу йиғинда йўқлиги ҳақидаги саволга ҳам жавоб қайтарди: «У ҳам номзодлар рўйхатида. Ҳозирча ҳеч кимга тўлиқ кафолат берилгани йўқ, ҳеч ким ҳам бутунлай четлатилмаган».

Йиғин иштирокчиси Родриго Салазар эса Малайзиядаги шароитлар ҳақида гапирди: иқлим иссиқроқ, бироқ жамоа бир неча кундаёқ мослашиб олган. Бьелсадан олаётган сабоқлари ҳақида: «Имкон қадар кўпроқ ўрганишга тиришяпман. Унинг терма жамоада ишлаёттани — катта ютуқ. Ҳар биримиз бу ерда ўз максимумизни кўрсатишни истаймиз», — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон — Уругвай учрашуви 13 октябрь куни Малайзиянинг Малакка шаҳридаги «Ханг Жебат» стадионида бўлиб ўтади. Беллашув Тошкент вақти билан 17:45 да старт олади. Шунингдек, Уругвай Доминикан Республикасига қарши ҳам ўртоқлик ўйини ўтказади — ҳар икки баҳс ҳам Бьелса учун таркибни кенгайтириш, янги юзларни синовдан ўтказиш ва мундиалга тайёргарликни бир қадам олға силжитиш имкониятидир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Уругвай бош мураббийи: Ўзбекистонга қарши синов, янги юзлар ва имкониятлар