date

ЎФА ва ҚФФ ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади

ЎФА ва ҚФФ ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов ва Қозоғистон футбол федерацияси президенти Марат Омаров ўртасидаги учрашувда қўшни икки мамлакат футболи ўртасидаги алоқаларни янада чуқурлаштириш, тажриба алмашиш ва минтақа миқёсидаги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Учрашувда ЎФА вакиллари юртимиз футболида кетма-кет амалга оширилаётган ислоҳотлар, янги инфратузилма режалари, футбол таълими ва академиялар тармоғининг кенгайиши ҳақида маълумот берди. Давлат раҳбари ташаббуси билан Туркий давлатлар ўртасида турнир ташкил этиш ишлари олиб борилаётгани, Миллий футбол маркази фойдаланишга топширилгани ҳам алоҳида таъкидланди.

Равшан Эрматов футбол бошқарувида тизимли ёндашув кучайгани, шаффофликни таъминлаш мақсадида Ҳакамлар академияси ишга туширилгани, ёш реферилар учун ўқув дастурлари йўлга қўйилгани ва Миллий футбол марказида марказлашган VAR тизими фаолияти бошланганини қайд этди. Шу билан бирга, мамлакат бўйлаб 14 та ҳудудий футбол академияси ягона методология асосида ишлаётгани, футбол соҳасида тўлиқ рақамлаштириш тизими татбиқ этилгани маълум қилинди. «FIFA Central Asian Cup» — ФИФА Марказий Осиё кубогини ташкил этиш ғояси ҳам муҳокама марказида бўлди.

Қозоғистон томони ўз навбатида, футбол инфратузилмасини модернизация қилиш, хусусий клублар сонини ошириш, Германиядан тиббиёт марказлари учун мутахассислар жалб этиш каби ишлар кетма-кет амалга оширилаётганини маълум қилди. Бутун мамлакат бўйлаб янги майдонлар, хусусан «арена футбол» иншоотлари қурилиши бошлангани, яқин фурсатда «Атлетико» академиясини очиш режалаштирилгани, ҳомийлик тизимини кенгайтириш ва ёшлар тайёргарлигини кучайтириш бўйича қадамлар изчил давом этаётгани айтилди.

Томонлар УЕФА ва ФИФА билан ҳамкорликни янада самарали давом эттириш, ўзаро ўртоқлик учрашувларини кўпайтириш, мутахассислар тайёрлаш дастурларини қўшма тарзда йўлга қўйиш бўйича келишиб олди. Учрашув якунида Ўзбекистон ва Қозоғистон футбол ассоциациялари ўртасидаги дўстлик ва шерикликни мустаҳкамлашга қатъий келишилди.

Мухлислар учун энг хушхабар — ёшлар ва ўсмирлар термалари, шунингдек, биринчи жамоалар ўртасидаги ўртоқлик ўйинлари сони ортади. Бу эса янги истеъдодлар учун катта майдон, минтақавий рақобат учун янги руҳ ва стадионларда янада қизғин муҳит дегани.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЎФА ва ҚФФ ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқади