Франция терма жамоаси Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичидаги навбатдаги баҳсда янги сардор билан майдонга тушиши мумкин. Бу ҳақда L’Équipe нашри маълум қилди.
Маълумотларга кўра, жамоа етакчиси Килиан Мбаппе жароҳат туфайли 13 октябрь куни Рейкявикда Исландияга қарши ўйинда иштирок этмайди. Форварднинг ўрнида сардорлик боғичини ким тақиши ҳақида мураббийлар штаби ҳали аниқ қарорга келмаган.
Ҳозирча икки номзод кўриб чиқилмоқда — “Милан” дарвозабони Мик Менян ва “Бавария” ҳимоячиси Дайо Упамекано. Улардан бири Мбаппе ўрнида жамоани майдонга бошлаб чиқиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Мбаппе ўтган ҳафтанинг бошида тўпиғидан енгил жароҳат олган эди. Кейинроқ у тикланиб, Озарбайжонга қарши баҳсда майдонга тушди, аммо ўйин давомида ўша жойидан яна шикаст олди. Тиббий мутахассислар жароҳат жиддий эмаслигини маълум қилган бўлишса-да, футболчига тўлиқ соғайиш учун дам бериш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Франция термаси ҳозирча гуруҳда етакчиликни сақлаб турибди. Бироқ Мбаппе каби етакчининг вақтинча йўқлиги жамоанинг ҳужумдаги ижодкорлигига таъсир этиши мумкин. Шунинг учун сардорликни ким ўз зиммасига олиши масаласи катта аҳамият касб этмоқда.
Француз оммавий ахборот воситалари тахминига кўра, Меняннинг тажрибаси ва жамоадошлар орасидаги обрўси уни сардорлик учун етакчи номзодга айлантирмоқда. Упамекано эса жисмоний куч ва кайфият билан жамоани руҳлантира оладиган футболчи сифатида кўрилмоқда.
Ҳар ҳолда, “триколорлар”ни Рейкявикда синовли кеча кутмоқда — Мбаппесиз ўйин уларнинг жамоавий барқарорлигини синаб кўради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!