“Реал Мадрид”нинг собиқ ҳимоячиси Пепе яқинда берган интервьюсида ўзининг собиқ жамоадоши — ҳозир “қироллик клуби”ни бошқараётган Хаби Алонсо ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, Алонсо учун бу лавозим катта масъулият билан бирга улкан имконият ҳамдир.
«Мен Хаби билан бирга ўйнаганман ва уни яхши танийман. ‘Реал’ни бошқариш ҳар қандай мураббий учун катта чақирув, чунки бу клубда талаб ва босим ҳар доим юқори бўлади», — деди Пепе.
Собиқ ҳимоячининг айтишича, Алонсо мураббийлик йўлини ҳали ўйинчилик давридаёқ бошлаганди:
«Жозе Моуринью ‘Реал’ни бошқарган вақтда Хаби у билан жуда кўп суҳбатлашарди. У футболга чуқур қизиқарди, майдондаги вазиятларни таҳлил қиларди. Шу одати орқали у ўз нуқтаи назарини шакллантирди».
Пепе собиқ жамоадошига ишонч билдирди:
«Мен Хабига ишонаман. У жуда зукко, талабчан ва кучли характерга эга мураббий. Унинг ‘Реал’даги фаолияти муваффақиятли бўлишига ишончим комил».
Хаби Алонсо сўнгги йилларда мураббий сифатида катта салоҳият намоён этди. Унинг “Байер” билан кўрсатган натижалари Европада эътибор қозонди ва энди у ўзининг синовини Мадридда давом эттирмоқда.
Пепе фикрича, “Реал” каби жамоада ишлаш ҳар доим босим билан боғлиқ бўлади, аммо Алонсо бу босимни имкониятга айлантира олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!