date

Влахович: “Бу мағлубият мен учун энг оғири бўлди”

Влахович: “Бу мағлубият мен учун энг оғири бўлди”

Сербия терма жамоаси ҳужумчиси Душан Влахович Жаҳон чемпионати–2026 саралаш босқичида Албанияга қарши кечган (0:1) учрашувдан кейин жамоанинг аҳволи ҳақида фикр билдирди. Маълумки, бу мағлубиятдан сўнг бош мураббий Драган Стойкович истеъфога чиқди.

Влаховичнинг таъкидлашича, бу ўйин унинг миллий терма жамоа сафидаги фаолиятидаги энг оғир ва аламли мағлубият бўлган.

«Мен учун бу ҳақиқатан ҳам жуда оғир ўйин бўлди. Ўйлайманки, жамоадошларим ҳам худди шундай ҳиссиётда. Биз яхши ўйнамадик, кейинги беллашувларда ҳам ғалаба қўлга кирита олмадик. Англиядан йирик ҳисобда мағлуб бўлганимиздан сўнг, мухлислар норозилигини тўлиқ тушуниш мумкин. Бу — ҳозирги вазиятнинг реал кўриниши, буни тан олиш керак», — деди Влахович.

Унинг сўзларига кўра, жамоадаги футболчилар турли клубларда турли шароитда ҳаракат қилмоқда ва бу бирлашиш жараёнини қийинлаштиради.

«Ҳар биримизда турли шароитлар бор — кимдир клубида кўп ўйнаяпти, кимдир кам. Шунинг учун умумий ритмни топиш осон эмас. Аммо биз энди олға қараб ҳаракат қилишимиз, жамоа сифатида яна бирлашишимиз лозим», — дея қўшимча қилди «Ювентус» ҳужумчиси.

Влахович таъкидлашича, жамоа ичида муҳит яхши ва футболчилар бир-бирини қўллаб-қувватламоқда.

«Албатта, кўтарилишлар ҳам, пасайишлар ҳам бўлади. Бизда кўплаб ёш футболчилар бор, уларга терма жамоа ритмига мослашиш учун вақт керак. Аммо биз ишонамиз — бу жамоа яна юқори чўққиларга қайта олади», — деди у.

Шу тариқа, Сербия терма жамоаси учун Албанияга қарши мағлубият фақат очколар йўқотиш эмас, балки ички қайта қуриш жараёни учун ҳам бир синов сифатида баҳоланмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Влахович: “Бу мағлубият мен учун энг оғири бўлди”