date

Япония Бразилияни мағлуб этди: Токиода сенсацион ўйин бўлди

Япония Бразилияни мағлуб этди: Токиода сенсацион ўйин бўлди

Токиодаги “Адзиномото” стадионида ўтган ёрқин ўртоқлик учрашуви футбол мухлисларини ҳайратга солди — Япония миллий терма жамоаси Бразилия устидан иродали ғалабани қўлга киритди. Беллашув голларга бой бўлиб, 3:2 ҳисобида якунланди.

Ўйиннинг илк қисмида бразилияликлар устунликни қўлга олди. 26-дақиқада Пауло Энрике ҳисобни очди, ортидан эса Габриэл Мартинелли 32-дақиқада иккинчи голни киритиб, ҳисобни 2:0 қилди. Шу пайтда кўпчилик бразилияликлардан навбатдаги осон ғалабани кутганди.

Бироқ иккинчи бўлимда майдонда мутлақо бошқа манзара намоён бўлди. Японлар ўзини йўқотмади ва жамоавий руҳ билан ўйинни тубдан ўзгартиришга киришди. 52-дақиқада сардор Такуми Минамино ҳисобни қисқартирди, ундан 10 дақиқа ўтиб Кейто Накамура таъсирли зарба билан ҳисобни 2:2 қилди.

Шиддат авжида кетар экан, 71-дақиқага келиб “Фейеноорд” ҳужумчиси Аясэ Уэда ҳал қилувчи голни урди — натижа 3:2! Бу зарба Япония учун нафақат ғалабани, балки катта спорт ифтихорини ҳам олиб келди.

Тўлиқ ҳисоб:
Япония – Бразилия 3:2
Голлар: Такуми Минамино (52'), Кейто Накамура (62'), Аясэ Уэда (71') — Пауло Энрике (26'), Габриэл Мартинелли (32').

Эслатиб ўтамиз, Бразилия уч кун олдин Жанубий Кореяга қарши баҳсда 5:0 ҳисобида йирик ғалаба қозонганди. Япония эса Парагвай билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этганди.

Бу сафар эса Токио осмони остида тарихий натижа қайд этилди — Самурайлар футболнинг йирик жамоаси устидан курашиб, ҳақли ғалаба қозонишди. Улар нафақат натижа, балки ирода ва жамоавий уйғунлик билан ҳам бутун дунё мухлисларини лол қолдиришди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Япония Бразилияни мағлуб этди: Токиода сенсацион ўйин бўлди