date

Роналду тарих яратди: жаҳон чемпионати саралашларида янги рекорд

Роналду тарих яратди: жаҳон чемпионати саралашларида янги рекорд

Португалия терма жамоаси ҳужумчиси Криштиану Роналду яна бир бор футбол тарихига из қолдирди. 40 ёшли афсона Жаҳон чемпионати–2026 саралаш баҳсларида Венгрияга қарши ўйинда икки бор гол уриб, жаҳон рекордини янгилади.

Учрашувнинг 22-дақиқасида Роналду ҳисобни тенглаштирди, биринчи бўлимга қўшимча қилинган вақтда эса жамоасини олдинга олиб чиқди. Шу тариқа, у саралаш баҳсларидаги 40- ва 41-голларини урди.

Бу натижа орқали Криштиану 2016 йилдан бери рекорд эгаси бўлиб келаётган гватемаллик Карлос Руисни ортда қолдирди. Руиснинг ҳисобида 39 гол бор эди. Энди эса Роналду тарихда Жаҳон чемпионати саралашларида энг кўп гол урган футболчи сифатида қайд этилди.

Қизиқ жиҳати шундаки, унинг азалий рақиби Лионель Мессининг бу кўрсаткичи 36 та голни ташкил қилади.

Мутахассислар таъкидлашича, Роналдунинг бу ютуғи нафақат унинг узоқ йиллик барқарорлиги, балки 40 ёшида ҳам юқори формада эканини исботлайди. Унинг фаолияти ҳали ҳам якунланмагани ҳисобга олинса, рекорд янада мустаҳкамланиши аниқ.

Шу билан, Роналду нафақат Португалия тарихида, балки бутун жаҳон футболида энг самарали ҳужумчилардан бири сифатида ўз номини яна бир бор ёдга солди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Роналду тарих яратди: жаҳон чемпионати саралашларида янги рекорд