date

Трамп Бостон шаҳрини Жаҳон чемпионати мезбонлигидан маҳрум қилмоқчими?

Трамп Бостон шаҳрини Жаҳон чемпионати мезбонлигидан маҳрум қилмоқчими?

АҚШ президенти Дональд Трамп Жаҳон чемпионати-2026 билан боғлиқ масалада яна бир бор резонанс келтирди. У Бостон шаҳри мусобақа мезбонлиги ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

Сешанба куни у Аргентина президенти Хавьер Милей билан учрашувдан сўнг журналистлар саволларига жавоб берди. Суҳбат давомида Трампдан Бостон мэри Мишель Вунинг муносабати ва ўйинларни бошқа шаҳарга кўчириш эҳтимоли ҳақида сўрашди.

— Биз ўйинларни бошқа жойга кўчиришимиз мумкин. Мен Бостон аҳолисини яхши кўраман, улар ажойиб инсонлар. Аммо мэр — унчалик яхши эмас. У ақлли, лекин жуда радикал сўл ғояларга эга. Агар мен у ерда хавфсизлик бўйича жиддий муаммо бор деб ҳисобласам, ФИФА президенти Жанни Инфантинога қўнғироқ қиламан ва шундай дейман: “Жанни, бу ўйинларни бошқа жойга кўчирсак қандай?” У аввал бошда рози бўлмаслиги мумкин, лекин буни амалга ошириш жуда осон, — деди Трамп.

Унинг бу баёноти АҚШда катта муҳокамага сабаб бўлди. Бостон — Жаҳон чемпионати-2026 учун танланган 11 та АҚШ шаҳарларидан бири бўлиб, у ерда бир неча муҳим беллашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Трампнинг сўзларига кўра, у нафақат хавфсизликни, балки ташкилотчилик даражасини ҳам муҳим деб ҳисоблайди. Президент фикрича, агар шаҳар маъмурияти халқаро тадбирни юқори даражада ўтказишга тайёр бўлмаса, ўйинларни бошқа шаҳарга кўчириш мутлақо мантиқий қарор бўлади.

Мишель Ву эса ўз навбатида, Трампнинг сўзларини сиёсий характерга эга деган фикрда. Унинг таъкидлашича, Бостон барча талабларга тўлиқ жавоб беради ва Жаҳон чемпионати мезбонлиги учун фахрланади.

ФИФА томонидан ҳозирча расмий изоҳ берилмаган. Аммо ташкилот ички манбалари Трампнинг сўзлари шунчаки сиёсий баёнот эканини таъкидламоқда.

Маълумот учун, Жаҳон чемпионати-2026 илк бор тарихда уч мамлакат — АҚШ, Канада ва Мексикада бир вақтнинг ўзида ўтказилади. Мусобақа 11 июндан 19 июлгача бўлиб ўтади ва унда 48 та терма жамоа иштирок этади.

АҚШда мусобақа финали Нью-Йорк яқинидаги “MetLife Stadium”да ўтказилиши кутилмоқда. Аммо Трампнинг Бостон ҳақидаги баёноти жаҳон футболи атрофидаги сиёсий шов-шувни янада кучайтирди.

Шундай қилиб, Трампнинг бу чиқиши нафақат спорт дунёсида, балки сиёсий майдонда ҳам катта баҳсларга сабаб бўлди. Жаҳон чемпионати-2026 арафасида у яна бир бор диққат марказига чиқди — бу гал футболга аралашган ҳолда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Трамп Бостон шаҳрини Жаҳон чемпионати мезбонлигидан маҳрум қилмоқчими?