date

Фабио Каннаваро Қаршида ёш футболчилар билан учрашди

Фабио Каннаваро Қаршида ёш футболчилар билан учрашди

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро ўз мураббийлар штаби билан биргаликда Қашқадарё вилояти футбол академиясига ташриф буюрди. Унинг ташрифи ёшлар футболи ривожига бўлган эътибор рамзи сифатида баҳоланди.

Каннаваро ва унинг ҳамкасблари академиядаги инфратузилма, машғулот майдонлари ва ёш футболчилар учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Улар машғулот жараёнларини кузатиб, мураббийлар иш услубини ҳам таҳлил қилишди.

Таниқли италиялик мутахассис ёш футболчилар билан суҳбатда ўз тажрибасидан келиб чиқиб, самарали ўқув машғулотлари ва касбий ўсиш учун муҳим маслаҳатлар берди. У ҳар бир ёш спортчидан интизом, меҳнатсеварлик ва сабр талаб этилишини алоҳида таъкидлади.

“Футболда муваффақият фақат талант билан эмас, балки узлуксиз меҳнат билан қўлга киритилади. Ҳар бир машғулотда ўз устингда ишласанг, натижа албатта келади”, — деди Каннаваро ёшларга мурожаат қилиб.

Ташриф давомида мураббийлар штаби академия раҳбарияти билан ҳам учрашди. Суҳбатда футболчиларни тайёрлаш тизими, илғор ечимлар ва миллий терма жамоа учун иқтидорли ёшларни саралаш масалалари муҳокама этилди.

Каннаваро ташриф якунида ёшларга футболни нафақат спорт, балки ҳаёт мактаби сифатида қабул қилишни тавсия этди. “Ҳақиқий футболчи бўлиш — бу нафақат ўйинда, балки майдондан ташқарида ҳам масъулиятли бўлишни англатади”, — деди у.

Академия вакиллари Италиялик мутахассис ташрифини ёшлар учун катта мотивация деб баҳоладилар. Уларга кўра, Каннаваронинг қўллаб-қувватлов сўзлари ёш футболчиларнинг иштиёқини янада оширди.

Бу ташриф миллий терма жамоа раҳбариятининг ёшлар билан ишлашга бўлган жиддий муносабатини намоён этди. Қашқадарё академиясида бўлган учрашув нафақат футболчилар, балки мураббийлар учун ҳам қимматли тажриба бўлди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Фабио Каннаваро Қаршида ёш футболчилар билан учрашди