date

ФИФА: “Бостон ЖЧ-2026 ўйинларига тўлиқ тайёр бўлади”

ФИФА: “Бостон ЖЧ-2026 ўйинларига тўлиқ тайёр бўлади”

ФИФА АҚШ президенти Дональд Трампнинг Жаҳон чемпионати-2026 ўйинлари Бостондан бошқа шаҳарга кўчирилиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотига муносабат билдирди.

Аввалроқ Америка раҳбари Бостон мэри Мишель Ву билан учрашувда шаҳардаги тартибсизликлар сабабли мусобақа ўйинларини бошқа жойга кўчириш эҳтимоли кўриб чиқилаётганини айтган эди.

ФИФА расмийларига кўра, бу масалада ҳозирча ҳеч қандай ўзгариш кутилмаяпти. Ташкилот барча 16 мезбон шаҳар режага мувофиқ тайёргарликни давом эттираётганини тасдиқлади.

“Ишончимиз комилки, ҳар бир мезбон шаҳар ўйинларни юқори даражада ўтказишга қодир. Барча стадионлар ва инфратузилма ФИФА стандартларига тўлиқ мос бўлиши таъминланади. Бизнинг асосий мақсадимиз — футболчилар ва мухлислар хавфсизлигини кафолатлаш. Бу борада давлат идоралари билан яқин ҳамкорликда иш олиб борамиз”, — деди ташкилот вакили.

ФИФАнинг таъкидлашича, хавфсизлик чоралари мусобақанинг ажралмас қисми ҳисобланади ва бу вазифани мезбон давлат тузилмалари амалга оширади.

Бостон 2026 йилги Жаҳон чемпионати мезбон шаҳарларидан бири бўлиб, Фоксборо шаҳридаги “Жилетт Стэдиум”да 7 та ўйин ўтказилиши режалаштирилган.

Мутахассислар фикрича, ФИФАнинг ушбу баёноти турли миш-мишларга нуқта қўйди — ташкилот тайёргарлик жараёнини барқарор ва назорат остида деб ҳисоблайди.

Жаҳон чемпионати-2026 мусобақаси АҚШ, Канада ва Мексика ҳудудларида бўлиб ўтади. У тарихда илк бор 48 та жамоа иштирок этадиган турнир бўлади ва ФИФА буни “футбол тарихидаги янги саҳифа” деб таърифлаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ФИФА: “Бостон ЖЧ-2026 ўйинларига тўлиқ тайёр бўлади”