U-17 жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Исломбек Исмоилов ва футболчи Азизбек Эримбетов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.
"Мусобақага тайёргарлик жараёни Осиё Кубогидан сўнг қисқа вақт бор эди, барча имкониятларни ишга солиб тайёрландик. Кайфият яхши, жамоа тайёр", - дейди Ислом Исмоилов.
"Жаҳон чемпионатига юз фоиз тайёрмиз, ўйлайманки мухлисларни хурсанд қила оламиз", - дейди Азизбек Еримбетов.
- ЎФА сизнинг олдингизга конкрет вазифа қўйдими? Жаҳон чемпионлиги мақсад қилинганми?
- Вазиятга реал қараш керак. Аниқ чемпионлик вазифаси белгилангани йўқ. Лекин аввалги натижаларни яхшилашимиз керак бўлади.
- Футбол бугунги кунда фан даражасига чиқиб бўлган. Бунда ҳар бир мураббийнинг ўз вазифаси бор. Ислом Исмоиловнинг мураббийлар штаби Жаҳон чемпионати учун кучсизлик қилмайдими?
- Мен учун мураббийлар штабимдагилар энг зўрлари. Масалан, Саудия Арабистонида 34 нафар мураббий ишлар экан. Натижаси қандай? Мураббийнинг ишига натижа баҳо беради. Натижа ёмон бўлса, мураббийлар штаби яхши ишламаган бўлади. Яхши кетаётган нарсани ўзгартиргим келмади. ЎФА томонидан бу борада ҳеч қандай таъқиқ бўлмади. Мураббий олишимиз ҳам мумкин эди. Лекин мен учун ҳозир ишлаётганлар энг зўри.
- Ҳужумда асосий юк Асилбек Алиевга тушиб қоляпти. Нурбек Сарсенбаев эса 3 та ўйинга дисквалификация қилинган. Бу бошқа ҳужумчиларнинг йўлини ёпиб қўймайдими? Бу борада рақобат қандай?
- Нурбек жамоа учун жуда катта фойда келтирган футболчи. Ҳозирча бир нечта ҳужумчиларга имконият берилди, бироқ улар терма жамоа даражасида ўйин кўрсата олишмади. Бизнинг асосий мақсадимиз — гуруҳ босқичидан чиқиш. Умид қиламизки, Нурбек гуруҳ босқичидан кейинги учрашувларда бизга ёрдам беради.
- Садриддин Ҳасанов ОФКнинг "энг яхши ёш футболчиси" номинациялари қаторида ҳам бор эди. Лекин унинг номзоди ғолиб бўлмаганига муносабатингиз қандай?
- Садриддин Ҳасанов ОФК томонидан йилнинг "Энг яхши ёш футболчиси" сифатида танланмагани яхши бўлди. Сабаби Жаҳон чемпионатидан олдин бундай эътироф унинг кейинги фаолиятига акс таъсир кўрсатиши мумкин эди. Мен учун ҳар бир футболчим – энг яхшиси.
- Жаҳон чемпионатидаги рақиблар ҳақида...
- Жаҳон чемпионатида осон рақиб бўлмайди. Парагвай ўз қитъасида Аргентина ва Чилини мағлуб этган. Панама жисмоний жиҳатдан кучли жамоа. Ирландия европача футбол намойиш этади. Бизда ҳар бир рақибга қарши ўйлаб қўйган режаларимиз бор.
- Карточкалар ва четлатишлар ҳақида...
- Осиё Кубогидан сўнг барча жиҳатларни, жумладан, карточкалар масаласини ҳам таҳлил қилдик. Бу ёш ўтиш даври ҳисобланади, футболчилар ҳали ёш. Бироқ биз уларни доимо огоҳлантириб, тушунтириб келяпмиз. Ўйлайманки, Жаҳон чемпионатида бундай хатолар такрорланмайди. Ҳар бир ўйинда футболчилар олдига ютиш вазифасини қўямиз. Кўпчилик айтиши мумкин, ўртоқлик учрашувида натижа шарт эмас, деб. Бу ерда ватан шаъни туради. Қайси схемани, тактикани синовдан ўтказишимиздан қатъий назар ғалаба биринчи ўринда туради.
- Тактик томонлама жамоангиз тайёрми? Интервьюингизда Жаҳон чемпиони бўлишни истайман дедингиз. Бунга салоҳиятингиз етадими?
- Билим томонлама доим ўрганишга мажбурмиз. Футбол бир жойда турмайди. Тактик томонлама идеал мураббий эмасман. Хорижликлардан ҳам, ўзимизникилардан ҳам ўрганамиз. Жаҳон чемпиони бўлишга потенциалимиз етадими ёки йўқ, буни билмадим. Лекин бир кун келиб орзуимга эришаман.
- Жаҳон чемпионатига ҳам саримсоқпиёз олиб борасизми?
- Жаҳон чемпионатига саримсоқпиёз эмас, бошқа ҳийла ўйлаб қўйганмиз (кулади).
- Футболчиларнинг жисмоний ҳолати қандай?
- Футболчиларимизнинг жисмоний ҳолати доимий равишда назоратда. Осиё Кубогида кўплаб жамоаларда ўйинлар давомида чарчоқ сезилган бўлса, бизда аксинча — ўйиндан-ўйинга жисмоний тайёргарлигимиз яхшиланиб борди. Умид қиламанки, Жаҳон чемпионатида ҳам шу ҳолатни сақлаб, ижобий натижаларга эришамиз.
- Пенальтилар серияси нозик нуқтамиз ҳисобланади. Жамоангиз пенальтиларга тайёрми?
- Машғулотда пенальти тепиш билан ўйиндаги ҳолат бутунлай бошқача. Шу боис биз ҳозир бу борада илмий ёндашув асосида ишлаяпмиз, рақибларни ҳам таҳлил қилиб чиқяпмиз. Ўйлайманки, бу борадаги нохуш анъанага барҳам берамиз.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!