Суперлиганинг 25-турида бўлиб ўтган “Сўғдиёна” – “Сурхон” (2:1) баҳси жиззахликлар ғалабаси билан якунланди. Учрашувдан сўнг “Сўғдиёна” бош мураббийи Иван Бошкович журналистлар билан суҳбатда жамоа ўйини ва футболчиларнинг кайфияти ҳақида фикр билдирди.
“Ўйин натижасидан ҳам, сифати жиҳатидан ҳам тўлиқ мамнунман деб айта олмайман,” — деди Бошкович. — “Биринчи бўлимда рақибни бутунлай назорат қилдик, иккита гол урдик, яна бир нечта имкониятлар яратдик. Иккинчи бўлимда рақиб очиқ футбол ўйнашини кутгандик ва буни кўрдик. Биз ҳам бир неча бор учинчи гол уриш имконига эга бўлдик. Аммо сўнгги дақиқаларда хато қилиб, ҳисоб қисқарди.”
Мураббийнинг сўзларига кўра, жамоа бир киши кам бўлса ҳам интизомли ҳаракат қилган:
“Ҳимоядаги ўйинчилар рақибни яхши тўсди. Футболда хатолар бўлади, ҳатто дарвозабон ҳам хатога йўл қўйди, аммо умумий олганда жамоа ўзини яхши кўрсатди. Балки совринли ўринлар учун курашиш қийин бўлар, лекин мен футболчиларга даражани сақлаш ва ўзларини ҳурмат қилиш лозимлигини айтдим.”
Бошкович ёш дарвозабон Шоҳруҳ Исоқов ҳақида ҳам фикр билдирди:
“У икки йилдан бери биз билан ишлаяпти. Сифатли дарвозабон. Ўтган баҳсда ҳам ишончни оқлади. Ҳозирда у Милан Митрович ва Муҳаммадюсуф Собиров каби рақобатчиларга қарамай, асосий таркибдан жой олди. Келажаги порлоқ,” — деди мураббий.
Бошкович ҳимоячиларнинг марказдаги ўйинини ҳам алоҳида таъкидлади:
“Биз рақибнинг бурчак зарбалари ва қанотдан узатмаларига тайёр эдик. Раҳмонов, Қобилов ва Иванович ҳаводаги курашларда устунлик қилди. Қизил карточкадан кейин рақибнинг фаоллиги ортди, лекин биз рақибни қанотларга сиқиб, марказни ёпдик. Фақат дарвозабон хатоси бор, қолгани яхши бажарилди.”
Люпчо Дориевнинг тўпурарлар пойгасидаги иштирокини ҳам мураббий қуйидагича баҳолади:
“Футболчи мавсум тўпурари бўлса, бу ёқимли. Лекин у жамоа манфаатини биринчи ўринга қўяди. Мен ҳам ҳужумчи бўлганман ва биламан: босим бўлса, гол уриш қийин. Шунинг учун у фақат ўйинга эътибор берсин. Ҳали олдинда 5 та баҳс бор, уларда 15 очко олишга ҳаракат қиламиз.”
Мураббийнинг сўзларига кўра, “Сўғдиёна” ҳали ҳам мавсумни муносиб якунлаш ниятида:
“Ёмон бошланган мавсумни охирида яхшилай оляпмиз. Кубокда имкониятни қўлдан чиқардик, лекин ҳозир фақат келажак ҳақида ўйлаш керак. Бизда кучли футболчилар бор, улар сифатли ўйин кўрсата олади. Таслим бўлмаймиз — фақат олдинга ҳаракатланамиз,” — деди Бошкович.