Қаршида қиш мавсуми яқинлашар экан, “Насаф” жамоасида муҳим ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли юқори. Спорт журналисти Нарзулла Сайдуллаевнинг маълум қилишича, жамоа қишда бир неча етакчи футболчиларини йўқотиши мумкин.
Маълумотларга кўра, Ойбек Бозоров ва Шерзод Насруллаев жамоани тарк этиш арафасида. Шунингдек, “аждарлар”нинг асосий тўпурари Ҳусайн Норчаев ҳам қишда клуб билан хайрлашиши мумкин.
Барча футболчиларнинг шартномалари мавсум якунланиши билан тугайди. Бу эса уларга янги жамоалар билан эркин келишувга эришиш имконини беради.
Жорий мавсумда Бозоров “Насаф” сафида 26 та ўйинда майдонга тушиб, 4 та гол ва 12 та ассист билан жамоанинг муҳим фигураларидан бири бўлди. Насруллаев эса 21 учрашувда 3 та гол уриб, 2 марта ҳамкасбларига гол уришида ёрдам берди.
Ҳусайн Норчаев эса жамоа етакчиси сифатида ажралиб турди — у 29 та баҳсда 17 та гол урди ва яна 2 голга ассист қилди. Унинг кетиши “Насаф” ҳужум чизиғи учун катта йўқотиш бўлиши мумкин.
Қаршилик ишқибозлар ҳозирча клуб раҳбариятидан расмий изоҳ кутмоқда. Бироқ кўпчилик “Насаф” қишда янги лойиҳа бошлаши, таркибни янгилаши ва ёшларга кўпроқ имконият бериши мумкин, деб тахмин қилмоқда.
Қисқаси, “Насаф” учун қишки трансфер ойнаси жуда фаол ва қизиқарли бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!