date

ЎФА Рўзиқул Бердиев баёноти бўйича расмий суриштирув бошлади

ЎФА Рўзиқул Бердиев баёноти бўйича расмий суриштирув бошлади

Ўзбекистон футбол ассоциацияси (ЎФА) «Насаф» клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиевнинг сўзлари юзасидан расмий суриштирув бошлаганини маълум қилди. Бу қарор «Насаф» ва ОКМК жамоалари ўртасида 26 октябрь куни бўлиб ўтган учрашувдан кейинги матбуот анжуманида айтилган фикрлардан сўнг қабул қилинди.

Белгиланишича, «аждарлар» устози матбуот анжуманидаги баёноти билан футбол жамоатчилиги орасида қизғин баҳсларга сабаб бўлди.

«Нефтчи»ни кўп гапиришмоқда, лекин биз ҳам қараб турмаймиз. Биз анчадан буён мағлуб бўлмадик ва чемпионликка лойиқмиз. “Нефтчи”нинг қанчалик ҳаракат қилаётганини ОАВ ҳам яхши билади. Агар “Нефтчи” ушбу вазифани амалга оширса, қаҳрамонлар майдонда эмас, майдон ортида бўлади, деб ўйлайман», — деганди Бердиев ўша анжуманда.

Унинг ушбу сўзлари ижтимоий тармоқларда ва спорт журналистлари орасида катта муҳокамага сабаб бўлди. Айримлар Бердиевни очиқ фикр билдирган мураббий сифатида қўллаб-қувватлаган бўлса, бошқалар бу баёнотни мусобақа шаффофлигига шубҳа солувчи гап сифатида баҳолади.

ЎФА бу ҳолат юзасидан махсус ўрганиш ишларини бошлаб, вазиятга ҳуқуқий баҳо беришини расман маълум қилди.
«Ўзбекистон футбол ассоциацияси мазкур ҳолат бўйича суриштирув ўтказади ва унга ҳуқуқий баҳо беради», — дейилади ташкилот баёнотида.

Эслатиб ўтамиз, Рўзиқул Бердиев — мамлакатнинг энг тажрибали мураббийларидан бири бўлиб, «Насаф»ни ички чемпионат ва халқаро мусобақаларда юқори натижаларга етаклаб келмоқда. Унинг сўзлари, айниқса, чемпионлик тақдири ҳал бўлаётган мавсумда спорт муҳитини янада қизитиб юборди.

Шундай экан, бу суриштирув натижаси нафақат Бердиевнинг шахсий фаолиятига, балки бутун миллий чемпионат муҳитига таъсир кўрсатиши мумкин. Футбол мухлислари эса энди ЎФА қарорини катта қизиқиш билан кутмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » ЎФА Рўзиқул Бердиев баёноти бўйича расмий суриштирув бошлади