date

Месси Саудияда тўрт ой ўйнашни хоҳлаган, аммо рад жавоб олган

Месси Саудияда тўрт ой ўйнашни хоҳлаган, аммо рад жавоб олган

Аргентина терма жамоаси сардори ва “Интер Майами” ҳужумчиси Лионель Месси Саудия Арабистонида ўйнашни хоҳлаган, бироқ унинг бу режаси амалга ошмай қолган. Бу ҳақда Саудиядаги Mahd истеъдодларни ривожлантириш академиясининг бош менежери Абдулла Ҳаммад Thmanya нашрига берган подкастида маълум қилди.

Маълум бўлишича, 38 ёшли жаҳон чемпиони 2026 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўриш мақсадида Саудия Арабистони клубларидан бирига вақтинчалик боришни истаган. Месси бу режани Америка МЛС лигасидаги мавсумлар орасидаги тўрт ойлик танаффус вақтида амалга оширишни режалаштирган.

“Мессининг жамоаси ўтган ёзда мен билан боғланди. Улар унинг Саудия Арабистонида тўрт ой ўйнашини хоҳлашди. Бу қарорнинг асосий мақсади — уни 2026 йилги жаҳон чемпионати учун идеал ҳолатда сақлаш эди”, — деди Ҳаммад.

Унинг сўзларига кўра, бу ғоя янги эмас — ўтмишда Девид Бекхэм ҳам шундай йўл тутган эди. “Бекхэм ҳам ўз вақтида ‘Лос-Анжелес Гэлекси’да ўйнаб, кейин ‘Милан’га тўрт ойлик шартнома асосида ўтганди. Биз Месси учун ҳам шундай вариантни муҳокама қилдик. Аммо мен бу таклифни вазирга етказганимда, у рад жавоб берди”, — деб таъкидлади Ҳаммад.

Расмийлар фикрича, Саудия Арабистони чемпионати тажриба ёки вақтинчалик машғулот майдонига айланмаслиги керак. Ҳаммад сўзларига кўра, вазир бу қарор орқали мамлакат чемпионатининг нуфузини ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ҳимоя қилган.

“Вазир очиқ айтди: Саудия чемпионати фақат маркетинг учун ёки машқ майдони бўлиши мумкин эмас. Бу мусобақа бутун дунёдан иқтидорли футболчиларни жалб этиш ва юқори савияли лигага айланиш мақсадида қурилмоқда. Шу сабабли, Мессининг атиги тўрт ойга келиш таклифи қабул қилинмади”, — деди Ҳаммад.

Маълумот учун, Лионель Месси яқинда “Интер Майами” билан шартномасини 2028 йилгача узайтирди. У Америка лигасида (МЛС) фаолиятини давом эттирмоқда ва ҳозирги кунда клубнинг энг муҳим фигураларидан бири ҳисобланади.

Саудия Арабистони охирги йилларда футбол соҳасини жадал ривожлантирмоқда — Роналду, Бензема, Канте каби юлдузлар маҳаллий клубларга қўшилган. Аммо мамлакат расмийлари шу билан бирга, чемпионатнинг мақсадини спортий ривожланиш сифатида сақлаб қолиш ниятида эканини қайта-қайта таъкидлаб келишмоқда.

Шундай қилиб, Мессининг Саудияда қисқа муддат ўйнаш орзуси амалга ошмади. Аммо бу ҳолат футбол дунёсида яна бир бор Саудия чемпионатининг ўз позициясини мустаҳкамлаётганини ва унинг имиджи энди вақтинчалик саҳна эмас, балки узоқ муддатли спорт платформаси сифатида шаклланаётганини кўрсатди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Месси Саудияда тўрт ой ўйнашни хоҳлаган, аммо рад жавоб олган