
Элит Осиё Чемпионлар Лигаси 4-тури доирасида “Насаф” жамоаси навбатдаги муҳим учрашувни ўз уйида БААнинг кучли клуби “Ал Ваҳда”га қарши ўтказади. Ушбу баҳс арафасида Қарши клуби бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳамда ҳужумчи Ҳусайн Норчаев иштирок этган матбуот анжумани бўлиб ўтди, деб хабар берди клуб матбуот хизмати.
Бердиевнинг таъкидлашича, “Насаф”ни жуда мураккаб рақиб кутмоқда. “Элит Лигада ҳар бир ўйин оғир, аммо “Ал Ваҳда” бугунги кунда ўзига хос таркибга эга ва жорий мавсумда деярли мағлуб бўлмаган жамоа. Улар яхши шаклланган, ўйин услуби барқарор. Биз рақиб ҳақида етарлича таҳлил ўтказдик ва йигитларга керакли маълумотларни етказдик. Гуруҳдаги вазиятни яхшилаш учун бу ўйинда ғалаба зарур”, — деди мураббий.
Ҳусайн Норчаев ҳам жанг олдидан фикр билдирди: “Ўйинга жиддий тайёргарлик кўрдик. Эртага майдонда бор кучимиз билан ҳаракат қилиб, мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз”, — деди у ишонч билан.
Мухлислар “Насаф”дан айнан шу учрашувда ғалаба кутишмоқда, чунки бу баҳс гуруҳ тақдирини кескин ўзгартириши мумкин. Бердиев бундай фурсатнинг масъулиятини яхши ҳис этаётганини таъкидлади: “Ҳар бир ўйинда натижа кутган мухлисларимизни хурсанд қилиш биз учун катта бурч. Бу баҳс биз учун ҳал қилувчи бўлиши мумкин. Шу сабаб ғалаба ва илк очколарни олиш – энг муҳим вазифа.”
Ҳусайн Норчаевдан жамоа устидан босим бор-йўқлиги ҳақида сўралганда, у жавоб берди: “Бизда босим йўқ. Ҳамма йигитлар жангга тайёр. Ҳозирги ҳолатимиз яхши, майдонда бор кучимиз билан курашамиз.”
Суҳбат давомида Бердиевга “Ал Ваҳда” билан аввалги учрашувлар ҳақида ҳам савол берилди. Мураббий шундай деб жавоб берди: “Менимча, 2001 йили уларга қарши ўйнаганмиз. Кейинроқ “Ал Васл” билан тўқнаш келдик. Ўша вақтларда биз Чемпионлар Кубогида ярим финалгача етиб борганмиз. Бу ҳам “Насаф” тарихида муҳим саҳифа эди. Ҳозир эса бошқа замон, рақиблар ҳам анча кучайди.”
Унинг сўзларига кўра, ўша йилларда “Насаф”нинг ютуқлари катта молиявий имконият эмас, балки жамоавий иштиёқ ва интизом туфайли бўлган. “Ўшанда ҳам бизда тажрибали ўйинчилар бор эди. Ҳозир эса араб клублари легионерларга катта сармоя киритмоқда. Бу уларнинг ўсишига таъсир қилди. Аммо бизда ҳам салоҳият бор, фақат ишонч ва ҳаракат керак,” — деди у.
Журналистлар “Насаф”нинг икки фронтда – Суперлига ва ОЧЛда – бир вақтнинг ўзида ўйнаётганини эслаб, қайси мусобақага устувор аҳамият берилаётганини сўрашди. Бердиев бундай деди: “Бу иккинчи мавсум, шундай ҳолатда қолдик. Ҳозирги пайтда кўпроқ Суперлигага эътибор қаратяпмиз, аммо Элит Лигада ҳам имконият бор. Араб жамоаларига қарши курашиш қийин, аммо ниятимиз – кейинги босқичга чиқиш.”
“Ал Ваҳда”нинг кучли томони сифатида тўпга эгалик қилишдаги устунлиги ҳақида гап кетганда, мураббий шундай фикр билдирди: “Рақиб техник жиҳатдан етук. Биз буни инобатга олган ҳолда ҳаракат қиламиз. Охирги икки кун давомида жисмоний тикланишга кўпроқ эътибор бердик. Эртага мазмунли ўйин эмас, натижа муҳим бўлади. Шу натижа учун майдонда бор кучимизни ишга соламиз.”
Эртанги баҳс “Насаф” учун фақат очко масаласи эмас, балки клубнинг нуфуз ва ишончини қайта тиклаш имконияти ҳам бўлади. Мухлислар Қарши клубидан янги саҳифа очишни кутишмоқда — ғалаба орқали жамоа яна ўз анъанавий руҳиятини тиклай олади.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!