date

Мбаппе ва ПСЖ ўртасида мутлақ кескин молиявий келишмовчилик...

Мбаппе ва ПСЖ ўртасида мутлақ кескин молиявий келишмовчилик...

Килиан Мбаппе билан «ПСЖ» ўртасидаги тортишув яна авж олди. Париж клубини 2024 йили эркин агент сифатида тарк этиб, «Реал Мадрид» сафига қўшилган ҳужумчи ортидан қолган можаро ҳали ҳам ҳал бўлмади — аксинча, янги айбловлар ва улкан талаблар билан янада кучаймоқда.

Мбаппе клубни унга нисбатан кучли психологик босим ўтказганликда айбламоқда. Унинг сўзларига кўра, 2023 йилда асосий таркибдан вақтинча четлатилиши айнан янги шартномага мажбурлаш мақсадида қилинган «жазо» бўлган. Шу ҳолат футболчининг ҳуқуқий даъвосида асосий бандлардан бири сифатида қайд этилган.

17 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида ҳужумчи Париж клубидан умуман ҳисоблаганда 240 миллион евро атрофида тўлов талаб қилаётгани ошкор бўлди. Унинг Меҳнат судига тақдим этган даъволари орасида бир қатор катта суммалар мавжуд:
— солиқдан олдинги 12,6 миллион евро миқдоридаги огоҳлантирув компенсацияси;
— ноқонуний ишдан бўшатиш сифатида 25 миллион евро;
— таътил учун 3,6 миллион евро;
— уч ойлик тўланмаган маош учун 1 миллион евро;
— таркибдан асоссиз четлатилганлик учун 44 миллион евро.

Шу билан бирга, Мбаппе ўзини 2023 йил апрел–июн ойлари орасида тўланмаган 17 миллион евро маош, имзо бонусларининг қолган қисми сифатида 36,6 миллион евро, ахлоқий рағбат сифатида 1 миллион евро ва шартнома билан тартибга солинмаган қўшимча иш учун 37 миллион евро ҳамда психологик босим учун яна 37 миллион евро тўлов талаб қилмоқда. Бундан ташқари, меҳнат келишувлари ва хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун 18+18 миллион евро компенсация сўраган.

Мбаппенинг ҳуқуқий жамоаси суддан 14,8 миллион евролик солиқдан олдинги компенсацияни унинг «эҳтимолий маоши» сифатида инобатга олишни талаб қилмоқда.

Бироқ можаро фақат Мбаппенинг талаблари билан чекланмайди. «ПСЖ» ҳам жавоб даъвоси билан чиқди — клуб ҳужумчидан 180 миллион евро миқдорида товон пули сўрамоқда. Парижликларнинг фикрича, футболчи шартнома шартларини бузган ва клубга жиддий зарар етказган.

Ҳозирча икки томон кескин позицияда турибди, суд жараёнлари эса давом этмоқда. Мухлислар эса бир нарсани яхши англайди: бу низо Европадаги энг машҳур футболчилардан бири ва энг бой клублардан бири ўртасидаги энг йирик юридик тўқнашувлардан бирига айланяпти.

Килиан ўзини ҳақ деб ҳисоблаяпти, «ПСЖ» эса ўз позициясини ҳимоя қилмоқда — бу можарода якуний нуқта ҳали қўйилмаган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Мбаппе ва ПСЖ ўртасида мутлақ кескин молиявий келишмовчилик...