
2026 йилнинг ёз фаслида бўлиб ўтадиган футбол бўйича жаҳон чемпионати тарихда илк бор бир вақтнинг ўзида уч давлат — АҚШ, Канада ва Мексикада қабул қилинади. Бу улкан мусобақага тайёргарлик доирасида Европа қитъасидаги саралаш баҳслари ҳам ўз ниҳоясига етди ва “кўҳна қитъа”дан мундиалда қатнашадиган терма жамоалар аниқланди.
Европадаги саралаш беллашувлари нафақат йўлланмалар марафонида, балки тўпурарлар курашида ҳам жуда кескин кечди. Мазкур марафонда энг кўп овоз ва эътиборни ўзлаштирган футболчи Норвегия терма жамоаси етакчиси, ҳозирги замон ҳужумчиларининг энг ярқин вакилларидан бири — Эрлинг Холанд бўлди. “Манчестер Сити” форварди бор-йўғи саккизта баҳсда 16 та гол уриб, яна икки маротаба голли пас узатиб, рақобатчиларини ортда қолдирди. Унинг статистикаси терма жамоасини мундиалга олиб чиққани баробарида, саралашнинг энг қимматли тўпурари сифатида қайд этилди.
Ҳоланддан кейинги ўринни Нидерландия терма жамоаси ҳужумчиси Мемфис Депай эгаллади. У ҳам ўзининг тажрибаси ва гол уриш маҳоратини яна бир бор исботлаб, саккиз маротаба тўп киритди ва жамоадошларига тўртта голли пас узатди. Депай саралаш давомида Нидерландия ҳужумини тизгинлаб турган асосий фигуралардан бири бўлди.
Тўпурарлар учлигида Австрия терма жамоаси форварди Марко Арнаутович ҳам жой олди. Унинг ҳисобида саккизта гол ва битта самарали пас бор. Арнаутович ўзининг шахсий маҳоратлари ва тажрибаси билан Австрияни мундиалга олиб чиқишда муҳим роль ўйнади.
Англиянинг таниқли ҳужумчиси Ҳарри Кейн эса рақиб дарвозаларини саккиз марта ишғол қилган бўлса-да, бирорта ҳам ассист қайд этмагани боис тўртинчи поғона билан чекланди. Шунга қарамай, Кейн Англия ҳужумидаги асосий таянч бўлиб қолмоқда ва унинг юқори самарадорлиги мундиалда ҳам муҳим аҳамият касб этади.
Кучли бешликни Испания терма жамоаси вингери Микель Оярсабаль якунлаб берди. У саккизта ўйинда олтита тўп киритди ва жамоадошларига тўрт бор самарали вазият яратиб берди. Оярсабаль Испаниянинг янгиланган таркибидаги энг фаол ва ишончли ўйинчилардан бири сифатида майдонда ўз сўзини айта олди.
Европа саралаш босқичи яна бир бор шуни кўрсатдики, келаётган жаҳон чемпионатида иштирок этадиган жамоалар нафақат тактик жиҳатдан, балки индивидуал маҳорат жиҳатидан ҳам жуда юқори савияда. Холанд, Депай, Кейн, Арнаутович ва Оярсабаль каби юлдузлар мундиалда ҳам катта саҳнада ҳал қилувчи рол ўйнаши турган гап.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.