
Жаҳон кубогининг ҳал қилувчи палласи олдидан Жавоҳир Синдаровнинг фикрлари нафақат шахмат ишқибозларини, балки бутун мамлакатни руҳлантирди. Унинг айтишича, ярим финалда икки нафар ўзбек гроссмейстерининг иштирок этиши — бу тасодиф эмас, балки йиллар давомида йиғилган меҳнат, қўллаб-қувватлаш ва муносабатнинг натижаси.
Синдаров таъкидлашича, давлат томонидан яратилаётган шароитлар — рапид ва блиц жаҳон чемпионатлари, Гранд Свисс мусобақалари, кучли давра тизимидаги турнирлар, келаси йилги Олимпиада каби йирик стартлар — ўз самарасини бермоқда. Унга кўра, мамлакатнинг шахматни стратегик тарзда ривожлантириши ҳар бир шахматчининг ўзини алоҳида кучли ҳис қилишига сабаб бўляпти.
У шундай дейди:
«Мен ўзбек бўлганимдан ғурурланаман. Ҳар доим давлат ҳам, халқ ҳам ёнимизда. Жамоадаги муҳит жуда кучли, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик бор. Бутун юрт биз учун қувоняпти. Умид қиламанки, иккаламиз ҳам Номзодлар турнирига чиқамиз — бу энг катта марралардан бири».
Жавоҳир Синдаров ва Нодирбек Якуббоев бугунги шахмат авлодининг рамзига айланиб улгургани ҳақида ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, бир лойиҳада бирга ўсган, бир мураббий — Роман Видоняк қўл остида тер тўккан йигитларнинг ярим финалда тўқнаш келиши — ўзига хос бахт.
«Дўстим Якуббоевга қарши ўйнаётганимдан ҳам мамнунман. У бу ерда жуда кучли ўйин кўрсатяпти. Мураббийимиз учун ҳам бу энг бибаҳo лаҳзалардан. Биздан фахрланишaётганини биламан», — дея қўшимча қилди у.
Синдаровга кўра, бугун 2700+ рейтингга эга уч нафар ўзбек гроссмейстерининг мавжудлиги — бутун шахмат мактабининг юксалиш белгиси. У буни мамлакатнинг ҳақиқатан ҳам «кучли шахмат давлати»га айланиб бораётганининг ёрқин исботи сифатида баҳолади.
Узоқ кутилган ярим финал 21 ноябрь куни старт олади. Миллионлаб ўзбек мухлислари экранлар олдида — икки юлдузнинг навбатдаги катта қадамини интизорлик билан кутмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.